ТИЛ ЎРГАНИШ – МУҲИМ ВАЗИФА

17.05.2021 16:05:54

Чортоқ туманида ҳар ҳафтанинг жума куни “Чет тилини ўрганиш куни” этиб белгиланди. Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, шундай  қарорга келинди. Ҳокимликда биринчи  машғулот ташкил этилди ҳам.  Худди шу туманда  ўқувчи-ёшлар ўртасида “Тил билимдонлари” танлови эълон қилинди. Унда 15 дан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар танловда қатнашишлари мумкин. Ғолиблар жорий йил 1 июнь куни тақдирланади.

Шу кунларда бундай мисолларга мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам кўплаб дуч келиш мумкин.

Халқимизда “Тил билсанг, эл биласан”, деган доно нақл бор. Ҳақиқатан ҳам ҳозирги глобаллашув шароитида давлатлар  ўртасидаги алоқаларнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Тилни ўзлаштирмай туриб, на сиёсий, на иқтисодий, на бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиб бўлади. Демак, бусиз тараққиётга эришиш, турли мамлакатлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини ривожлантириш амри маҳол.

Дарвоқе, хорижий тилларни билишнинг аҳамиятини аждодларимиз ҳам яхши англаб етганлар. Масалан, ҳамюртимиз - шоир, олим, педагог, маърифатпарвар матбаачи Исҳоқхон тўра Ибратни олайлик. Бу аломма етти тилни мукаммал билган. Шунинг учун ҳам ўз вақтида янги усулда мактаб, босмахона ва кутубхона  ташкил этган. Кўплаб адабий ва илмий асарлар яратган, етти тилли луғат тузганига ҳам қойил қолмасдан илож йўқ.

Яқинда Президентимиз раислигида хорижий тилларни ўрганишга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилиш тафсилотлари билан танишар эканман, ана шу фикрлар хаёлимдан ўтди. Бу масала ҳамиша долзарб бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам таълимнинг мазкур йўналишини ривожлантиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгилангани диққатга сазовордир.

Хусусан, ҳафтанинг бир куни хорижий тилларни ўрганиш куни бўлади. Таълим муассасаларининг битирувчилари камида иккита чет тилини билиши талаб этилади. Келгуси йилдан давлат идораларига ишга қабул қилинадиганлар чет тилини билиши мажбурий ҳисобланади.

Албатта, бу вазифаларнинг ижросини таъминлаш осон кечмайди. Биринчи навбатда чет тилларни ўқитиш сифати самарадорлигини ошириш лозим. Бунинг учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги тузилади. У шу соҳада дунёда тўпланган илғор тажрибани жорий этиш билан шуғулланади. Ўқитиш методикаси, дастурлар ва дарсликлар янгиланади. Юқори малакали кадрлар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Қисқаси, яқин йиллар ичида хорижий тилларни ўрганиш сифат жиҳатидан янги, янада юқори босқичга кўтарилади. Бунинг учун барча таълим муассасалари ўз фаолиятларини қайта қуришлари даркор. Сиёсий партиялар фаоллари, депутатлар эса самарали жамоатчилик назоратини йўлга қўйишлари керак бўлади.

Исроил ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши раиси,

халқ депутатлари Косонсой туман

Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+