Тинчлик ва осойишталик - бебаҳо бойлик

27.12.2022 05:12:08

Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида «Биз жонажон ватанимизнинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашга ҳар томонлама қодирмиз. Тинч ва осойишта ҳаётимизни асраб, мустақиллигимизни мустаҳкамлаб, барқарор тараққиёт йўлимизни жадал давом эттирамиз», - дея алоҳида таъкидланди.

Дарҳақиқат, ватан тинч,осойишта бўлса, яшаш учун энг қулай маскан ҳисобланади. Демак, ҳар бир инсон борки, у ким бўлишидан қатъий назар, қайси касб ва соҳада, қандай мартаба, қанча обрўли бўлмасин, тинчлик омонликда ҳаёт кечиришга муҳтождир. Чунки ўз ҳаётидан хавфсираган кишининг кечаси хотиржам ўтмайди, тонги ҳам татимайди. Доим кўнгли беҳузур бўлиб, қалби қалқиб, безовта бўлади. Ўз турар жойи, жони, оиласи ва касбидан хавфсираб яшайди.

Албатта, ҳар бир инсон соғлом, хонадонида тинчлик бўлса, хотиржамлик бўлади. Ҳар биримиз ҳам кундалик юмушларимиз ва режалаштирган ишларимизни босқичма-босқич амалга ошириш пайида бўламиз. Шунинг учун ҳам тинчликнинг қадрига етмоқ, уни асраб авайламоқ бизнинг зиммамиздаги бурчимиздир.

Давлатимиз Раҳбари ўз Мурожаатномасида алоҳида таъкидлаганларидек, тинчлик бўлса, одамларнинг ҳаёти фаровон бўлади ва тинчлик бардавом бўлиши учун биздан талаб қилинадиган нарса, авваламбор, ушбу неъматга шукр келтириш ва тинчликка рахна солувчи кучларга бепарво бўлмаслигимиздир.

Тинчлик халқимизнинг асосий мақсадидир. Биз фаоллар Президентимизнинг Мурожаатномасида белгилаб берилган олтита йўналиш хусусида жойларда тарғибот ишларини бошладик. Бу борада айниқса,ёшлар ўртасида олиб бораётган ишларимизни самарадорлигига эътибор қаратяпмиз. Ёшларимизни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг муқаддас она юртимизга меҳри ва садоқатини оширишга янада кўпроқ аҳамият беряпмиз. Мана куни кеча Қарши давлат университети талабалари ўртасида “ Энг бебаҳо олий неъмат тинчлик ва осойишталикдир» шиори остида тарғибот уюштирдик. Тинчлик учун давлатимиз томонидан катта саъй ҳаракатлар қилинаётганлигини, уни асраб-авайлаш учун ҳеч қандай маблағ аялмаётганлигини ёшларга уқтирдик. Бу неъмат ҳақиқатдан ҳам ўта қадрли неъмат бўлганлиги сабабли муқаддас динимиз ҳам доимо тинчликка чақириб келади.

Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, тинчлик неъматини сақлаш учун инсон хоҳ қимматли бўлсин, хоҳ арзон бўлсин барча бор будини ақл-заковат, мол-дунё ва куч-қувватини сарфлашига ҳақлидир!

Тинчликни сақлаш учун инсон ва унинг фарзандларини, аёлларни, хуллас ҳар бир шахсни жисмонан ва маънан етук қилиб тарбиялаш, ёмон ишларни қилишдан қайтариш лозим бўлади. Яъни, ҳар бир инсон бу борада ўзининг бурчи ва мажбуриятларини яхши билиши ва унга доимо амал қилиши лозим.

Шу жиҳатдан қарайдиган бўлсак, Президентимиз Мурожаатномада тинчлик ва осойишталик ҳақида тўхталиб бунинг қадрига етишимиз зарурлигини бот-бот эслатиб ўтганлар. Мустақил ва серқуёш Ўзбекистонимизда тинчлик барқарор экан тараққиёт ҳам таъминланаверади. Фақат шу муқаддас замин Янги Ўзбекистонда умргузаронлик қилаётган ҳар бир фуқаро бунинг қадрига етиши ва тинчлик эвазига амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз ҳиссасини қўшиши керак.

Абдураҳим Иркаев,

Олий Мажлис сенати аъзоси,

халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+