Тизимдаги шаффофлик қаерга кетди?

01.04.2024 09:04:07

Барчамизга маълумки, 2021 йилнинг 22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштиришни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга мувофиқ «Ташаббусли бюджет» жараёни йилда икки маротаба амалга оширилиши, унда фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни айнан ўзларининг ташаббуслари орқали ижобий ечимини топиши, жойларда ислоҳотлар олиб борилиши, қувонарли ҳолат, албатта. Бироқ, бугун «Ташаббусли бюджет» жараёнларида аҳоли орасида олиб борилаётган тарғибот ишлари дилни хира қира қилади десак, муболаға бўлмайди.
Ўтган йилларда аввалига «Ташаббусли бюджет» порталига жойланган муаммолар бўйича фуқаролар томонидан уларнинг номига олинган ҳар битта сим картадан мобил алоқа воситаси орқали овоз бериш ишлари амалга оширилган бўлса, бунда аҳоли орасида олиб борилаётган тарғибот ишларида «Битта овозга битта кола», «Битта овозга иккита нон», ва ҳоказолар ваъда қилишлар ортиб борди.
Бу эса ўз навбатида тизимни янада такомиллаштириш заруратини юзага келтирса, «Ташаббусли бюджет» нинг жорий йилги мавсумига «бир фуқаро – бир овоз» тамойилининг жорий этилиши ана шундай кўнгилсизликларни олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар десак, адашмаймиз.
Халқимиз орасида қаловини топсанг қор ҳам ёнади деганларидек, соҳада қанча ислоҳотлар олиб борилмасин, ташаббусли бюджетга овоз бериш жараёнларида ташаббускорлар томонидан кўча куйда, бозорларда маҳаллаларда автобус шохобчаларида, йўл четларида одамларни тўплаб овоз йиғиш жараёнларида ноқонуний хатти-ҳаракатларни амалга ошираётганлар ҳам учраб турибди.
Куни кеча шундай воқеани гувоҳи бўлдим. Ипподром (Чилонзор буюм савдо комплекси АЖ) бозоридан қайтар эканман автобуслар тўхташ жойида бир йигит баланд овозда «Битта овоз 20 000 сўм, иккита овозга 50 000 сўм» деб одамларни Тошкент шаҳридан туриб, Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги қайсидир мактаб таъмири учун овоз беришга чақиряпти.
Уйга келсам онам телефонингдан қишлоғимизни қабристонга элтадиган йўлни таъмири учун овоз бериб қўй қизим. Телеграмдаги маҳалла гуруҳида маҳалла раиси «Илтимос 1 литр ёғга алданиб, овозингларни бошқа лойиҳаларга бериб қўйманглар, обод бўлса шу қишлоғимиз обод бўлсин» — деб илтимос қиляпти деб қолдилар.
Ундан кейин синглинг ҳам қўнғироқ қилди. Ўғлини мактабга юборса эшик олдида ўқитувчилар туриб, телефонингдан мактаб ошхонасини таъмирлашга овоз бер дейишибди. Жиянинг маҳаллани йўлига овоз берганмиз деса, бор овоз йиғиб кел деб, дарсга киритмабди. Хўжайинингга айтсанг, агар бошқа жойларга ҳали овоз бериб қўймаган бўлса, шу жиянингни мактабига овоз бериб қўйсин.
Бу гапни ҳали ҳазм қилмай туриб онамнинг телефонларига жияним қўнғироқ қилиб қолди. «Хола сизларни қишлоқ сал четроқда жойлашган. Ишхонамиздан амбулаторияга овоз йиғинглар деб врач топшириқ берган. Ҳамма жойда бир литр ёғга овоз йиғяпти, биз 2 литр ёғ берсак, одамлар овоз берармикан». Онам қўнғироққа жавобан. «Бизни қишлоқ ҳам йўл таъмири учун опен бюджетга овозга қўйган. Борсанг овоз йиғолмасанг керак» , дедилар.
Буларни эшитар эканман қалбим ларзага келди. Бу не аҳвол, одамлар қаерга қараб кетяпти. Нега шаффофлик йўқ. Ахир давлат раҳбари бу тизимни жорий қилганида тизимни шаффоф бўлиши учун ташаббус халқимизнинг ўзидан чиқсин демаганмиди? Ичимдаги исён туғён урар экан, қўлимга қалам тутишга мажбур қилди.
Тўғри, бу каби воқеаларни интернет тармоғидан кўп кузатганмиз, қулоғимизга миш-мишлар бод-бод чалинган. Лекин бевосита ўзим гувоҳ бўлмагандим. Хўш, бунга ким айбдор! Халқни манфаатини кўзлаган ҳукуматми ёки жамият манфаати йўлида курашаётган халқми? Бу каби саволлар бошимда айланар экан. Бу ҳолат қачонгача давом этади. Буни йўқ қилишни чораси бормикан? Деган ўй мени қийнайди.
Кейин ўйлаб қолдим. «Ташаббусли бюджет»га мактаб, мактабгача таълим муассасаси, тиббиёт соҳани ривожлантириш каби масалаларни қўйиш шартмикан? Жорий йўл таъмири ва бошқа ислоҳотларни ўзи қўйилса бўлмасмикан. Ана шунда халқимиз орасида ҳам ўз ҳудуди манфаати учун пора таклиф этилмасмиди? Мактаб, мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш тизимидаги раҳбарлар ходимларини шундай ишларга сафарбар қилмасмиди?
Таълим, соғлиқни сақлашдаги ислоҳотлар халқ ташаббусисиз ҳам давлат раҳбарининг эътиборида эмасми. Бунда ишчи гуруҳлари тузилиб, ушбу йўналишдаги муаммоларни ўрганиб, туман, вилоят миқёсида рўйхати шакллантирилиб, энг аввало бирламчи таъмирга муҳтож, моддий-техник базаси етарли бўлмаган қатламларга маблағлар ажратилиб, ҳар чоракда босқичма-босқич амалга оширилса, ташаббусли бюджетда сафарбар этилиб, ғолиб бўла олмаган лойиҳаларга жалб этилганлар ўз бола чақасини ризқидан қийиб, овоз йиғиш учун таклиф қилаётган нарсаларига куйиб қолмасмиди?
Ё бўлмаса «Ташаббусли бюджет»га овоз беришда фуқаролар номига олган сим карта маълумотлари, шахси, манзили, паспорт рақамлари алоқа операторлари томонидан тизимга улаб қўйилса, ҳар бир фуқаро ўзининг ҳудудидан бошқа ҳудудга овоз бериши чеклаб қўйилса, шу каби ҳолатларни олди олинармиди?
Хулоса қилиб айтганда, инсон ўзини ўзгартирмас экан жамиятни ўзгартира олмайди. Бунинг учун халқимизни ҳуқуқий саводхонлиги, ҳуқуқий маданияти шаклланмоғи лозим. Зеро, ҳар бир инсон ислоҳотларда қатнашар экан, бу мени кўчам, бу мени маҳаллам, бу мени қишлоғим, бу мени шаҳрим деган тамойилни ўзига сингдирмас экан, қанча ислоҳотлар олиб борилмасин, қанча ташаббуслар илгари сурилмасин тизимдаги шаффофлик йўқолиб бораверади.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши
Марказий аппарати Котибият раҳбари,
Мирзамахмудова Дилноза Нематджановна

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+