Томорқа – рўзғорнинг саккизинчи ҳазинаси

22.04.2021 14:04:58

Юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш учун кўплаб имкониятлар мавжуд. Айниқса, “Темир дафтар”га киритилган оилаларга иссиқхона йўналиши бўйича субсидия ва имтиёзли кредит маблағлари ажратилаётгани ўз самарасини бермоқда. Шу орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг реал даромад манбаи шакллантирилиб, иқтисодий ҳолати барқарор аҳоли сони ошяпти.

Партиямизнинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида “маҳаллабай”, “фуқаробай” ишлаш тизими натижасида Жомбой туманимизда ҳам шундай ишни кўзини биладиган, фаолларни кўплаб учратаяпмиз. Равшан Исломов ҳам ҳалол меҳнати ортида рўзғорини обод қилаётганлардан бири. У иккинчи гуруҳ ногирони бўлса-да, ҳовлисида иссиқхона барпо этган. 14 сотих майдонидан самарали фойдаланаётган тадбиркор кичик ҳавза қуриб, балиқ ҳам етиштиряпти.

– Асосан, цитрус мевалар парваришлаяпмиз, – дейди Равшан ака Исломов. – Тан олиш керак, бу турдаги ўсимликлар бироз инжиқ, алоҳида парвариш талаб этади. Олинадиган ҳосил парваришга боғлиқ. Меҳнат қилган боғбон лимон, мандарин, апелсин ва Эрон хурмоси ҳосилидан юқори даромад олишига шубҳа йўқ.

Эътиборлиси, Равшан ака бу билан чекланиб қолмаган. Қатор ораларидан ҳам унумли фойдаланиб, исмолоқ, ошкўк, укроп, помидор ва бодринг етиштиряпти.

Томорқа рўзғорнинг саккизинчи ҳазинаси экани ҳақиқат. Ундан тўғри фойдаланаётганлар оз эмас. Албатта, меҳнаткаш оилага қут-барака ҳам киради.

  Муслимбек ЎРОҚБОЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Жомбой туман кенгаши қошидаги “Истеъдод” клуби раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+