Томскда ким калтак еди?!

05.05.2021 11:05:44

Сўнгги йилларда хорижда ишлаётган фуқароларга нисбатан муносабат тубдан ўзгариб, меҳнат мигрантлари билан мулоқот ўрнатилмоқда. Уларнинг муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш ҳамда ҳал қилиш бўйича тизимли ишлар  жорий қилинмоқда. Бироқ ҳали-ҳамон ўзга юртда меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилаётгани, уларнинг иш фаолияти ва саломатлиги билан боғлиқ муаммоларининг юз бераётгани барчамизни ташвишга солмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Россия Федерациясининг Томск шаҳрида меҳнат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси тазйиққа учрагани акс этган аянчли видео тарқалди. Унда меҳнат мигрантимиз ўзга юрт фуқароси ёки иш берувчи томонидан эмас, балки, Томск миграция хизмати ходимлари томонидан хақоратланиб, калтакланган. Ушбу ҳолатда фуқаромизнинг биргина “айби” бор, у ҳам бўлса, қонуний ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилгани. Табиийки, бу ҳолат хизмат вакилига негадир ёқмаган ва куч ишлатиш муносабатида бўлган.

Президентимизнинг 2020 йил, 15 сентябрдаги  “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида хориждаги дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналари билан чет давлатларда ишлаётган меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича аниқ йўл-йўриқлар келтириб ўтилган.

Бироқ, қабул қилинган норматив ҳужжатда назарда тутилган кўрсатмалар тўлақонли бажарилмаётганлиги хусусида жуда кўплаб нохуш маълумотлар тез-тез қулоққа чалинмоқда, ижтимоий тармоқларда ўз аксини топмоқда.  

Ҳалол манфаат умид-илинжида чет элларда меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг манфаатларини ҳимоя қиладиган, айни пайтда бу борада ўз зиммасига жуда катта масъулиятни олган Ташқи ишлар вазирлиги ҳар қандай нохуш ҳодиса-воқеаларга тезкор, қонуний муносабат билдирмас экан, мамлакатимиз нуфузи, миллатимиз шаънига путур етаверади. Бунга, Ташқи ишлар вазирлигидан жўяли жавоб борми?! Биз шу жавобни кутиб қоламиз.

Нигора НИШОНБОЕВА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+