Тонг ифори

09.03.2021 11:03:56

Саҳар. Негадир уйқум қочиб ўрнимдан турдим. Қарасам ҳали тонг отмабди. Ўрнимни йиғиб, аста дераза ёнига бордим ва деразани очдим. Очишим билан менга ёқадиган қандайдир илиқлик юзимни сийпалаб ўтди. Атрофга назар ташлай бошладим. Ҳаммаёқ гўё сув қуйгандек жимжит. Бу ҳам менга ёқа бошлади. Ҳар замонда нималарнингдир овози эшитилиб туради. Дарахтларнинг учки шохлари майин куйни тинглаб ором олаётгандек оҳиста тебранади. Ҳар ҳар ерлардан муаттар гулларнинг ифори димоғимга урилиб турибди. Осмон аста-секинлик билан ёриша бошламоқда. Ҳа, ҳозир мен кўриб турган манзара жуда чиройли. Мен бу манзарага маҳлиё бўлиб қараб туравердим. Бу манзара менга нимадандир дарак бераётгандек эди. Ўзимни енгил сеза бошладим. Қизиқ, авваллари негадир бундай ҳолатларга дуч келмаган эканман. Қалбимнинг қаридан қандайдир бир ҳис куртак ёза бошлади. Шунчалик тез куртак ёзаяптики, ҳатто мен уни таҳлил қилишга ҳам улгуролмаётгандекман гўё. Осмон ҳам анча ёришиб, қуёшбобо аста- секинлик ила уфқдан бош кўтармоқда.

Қуёш ботганда умримизнинг яна бир куни бизни тарк этиб, қайтмас ва такрорланмас тарихга айлана боради. Қуёш чиққанда эса янги кун, янги зафарлар, улкан мақсадлар, буюк ишлар, чексиз имкониятлар бизни қарши олади. Ҳар бир кун китобнинг саҳифасидек. Гоҳида у олам-олам таассуротларга бой бўлиб, гоҳида эса омадсизлик, муваффақиятсизликда ўтади. Айтишларича, бу ўзимизга боғлиқ экан. Кунни қандай қарши олсак бизга шу кайфият бутун кун бўйи ҳамроҳ бўлар экан. Шу фикрга амал қилиб кунимни яхши кайфият, олдимга бир мақсадни қўйиб бошламоқчи бўлдим. Буни қарангки, анчагина ўйга берилиб қолибман шекилли, қуёш ҳам борлиққа заррин нурларини улашишни бошлаб юборибди. Қуёш чиқишини кузатиш жуда мароқли. У зулмат қоплаган заминни худди ёруғлик сари ундаётган, борлиқни ўз нурлари билан сийлаётгандек туюлаверади. Атроф энди ўзгача тус ола бошлади... Буни сўз билан таърифлаш мен учун қийин. Фақатгина уни кўриб, ҳис қила олиш мумкин. Бу инсонга ёқувчи тонг ҳавоси, бетакрор ва мафтункор баҳорнинг илк кунлари эди.

 

Эъзоза ДАЛИЕВА,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси,

Ўзбекистон Адолат СДП Тошкент шаҳар Кенгаши

Ёш адолатчилар қаноти аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+