Тўрақўрғонлик “адолат”чилар намунаси

04.03.2021 17:03:43

Заҳрохон Аҳмедова Ўзбекистон “Адолат” СДП Тўрақўрғон туман кенгашига 2019 йилдан бери етакчилик қилиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида партиядошларимиз ҳаётида қатор жидий ўзгаришлар рўй берди. Энг аввало, уларнинг сафи миқдор жиҳатидан ўсиб, сифат  жиҳатидан мустаҳкамланди. Бунга қуйидаги рақамлар далолат бўла олади.

Сўнгги икки йил ичида туманда “Адолат” СДПга 600 га яқин киши қабул қилинди. Ҳозир сафдошларимизнинг сони икки ярим минг нафарга яқинлашди. Қатор янги бошланғич партия ташкилотлари тузилиб, уларнинг  миқдори қирқдан ошиб кетди. Бу жараён тўхтовсиз давом этаётганлиги  диққатга сазовордир.

Яна бир муҳим жиҳат - партиямиз фаоллари кўпайиб бормоқда. Улар орасида турли касб эгалари, эркаклар ва аёллар, ёшлар ва кексалар бор. Барчани бирлаштириб турган нарса - “Адолат” СДП сайловолди дастурида олға сурилган ғоя мақсадлар, уларни рўёбга чиқариш учун астойдил кураш олиб бориш туйғусидир. Тўрақўрғонда бундай ажойиб сафдошларимиз талайгина. Халқ депутатлари туман кенгашининг депутати Эркинжон Бориев, ҳуқуқшунос Фароғат Раззоқова, шифокор Дилмурод Исмоилов, педагог Юлдузхон Ўринбоева  шулар жумласидандир. Бу каби инсонларнинг бошини қовуштириб, муштарак мақсадлар сари даъват этаётган ҳеч шубҳасиз, Заҳрохон Аҳмедовадир.

Шунинг учун ҳам “Адолат бор жойда тараққиёт бор!” шиори остидаги  ташкил этилган амалий семинар айни Тўрақўрғонда ўтказилди. Унда  вилоят партия кенгаши масъул ходимлари, шаҳар, туман кенгашлари раислари, депутатлар, йирик БПТ етакчилари қатнашдилар.

Семинар бошланишидан олдин иштирокчилар 1-умумтаълим  ўрта мактабида  бўлдилар. Бу ерда ўқувчилар ўртасида “Биз - коррупцияга қаршимиз!” шиори остида  ўтказилган иншолар танлови туман босқичининг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди. Энг яхши иншолар муаллифлари фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари билан мукофотландилар.

Семинарнинг расмий очилиш маросими туман партия кенгашида  бўлди. Тадбирни “Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова қисқача кириш сўзи билан очди ва олиб борди. Вилоят партия кенгаши раиси Исроил Жўраев, раис ўринбосари Баҳодир Болтабоев, Тўрақўрғон туман партия кенгаши раиси Заҳрохон Аҳмедова бугунги кунда сафдошларимиз олдида турган энг муҳим вазифаларга тўхталдилар.

Семинар иштирокчилари бир қатор намунали бошланғич ташкилотлар фаолияти билан яқиндан танишдилар. Хусусан, туман қурилиш бўлимида тузилган БПТ олиб бораётган ишлар барчада катта қизиқиш уйғотди. Бу ерда Бекзод Жўраев “адолат”чиларга етакчи. Бўлимда меҳнат қилаётган ўн кишининг ҳаммаси партия аъзоси ҳисобланади.

- Сафдошларимизнинг барчаси ўз касбини севган, вазифасига масъулият билан қарайдиган инсонлар, - дейди Б.Жўраев. - Улар ўзларининг партиявий бурчларини ҳам чуқур ҳис этадилар. Жамоатчилик ишларида фаоллик кўрсатадилар. Аъзолик бадалларини вақтида тўлаш яхши анъанага  айланган.

Семинар иштирокчилари туман партия кенгашининг депутатлар, БПТлар  билан  ўзаро ҳамкорлиги қандай йўлга қўйилганлиги билан ҳам қизиқдилар. Тадбир  ўзаро савол-жавоблар билан якунланди.

 

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+