Тўрақўрғонлик партиядошларимиз намунаси

19.04.2021 15:04:58

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашида илғор ҳудудий партия ташкилотлари ҳақида гап кетганда, тез-тез тўрақўрғонлик партиядошларимиз тилга олинадиган  бўлиб  қолди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки улар энг  аввало, Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни  изчиллик билан бажаришни  ўз  олдиларига   асосий мақсад  қилиб қўйиб, самарали  фаолият олиб бормоқдалар. Айниқса, Заҳрохон Аҳмедова туман кенгашига  етакчи этиб сайлангандан кейинги икки йил мобайнида  қатор жиддий ўзгаришлар рўй берди. Биринчи навбатда  партиядошларимиз  сафи миқдор жиҳатидан ўсиб, сифат  жиҳатидан мустаҳкамланди.

“Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси Баҳодир Болтабоевнинг айтишига қараганда, ўтган қисқа давр  ичида туманда партиямизга 600 дан зиёд киши қабул қилинди. Ҳозир сафдошларимизнинг сони икки ярим минг нафарга яқинлашди. Қатор янги бошланғич партия ташкилотлари тузилиб, уларнинг  миқдори қирқдан ошиб кетди. Бу жараён айни пайтда ҳам тўхтовсиз давом этаётганлиги  эътиборга моликдир.

Яна бир диққатга сазовор  жиҳат – туман  партия ташкилоти таркибида ишга масъулият билан ёндошадиган, изланувчан ва ғайратли  фаоллар кўпайиб бормоқда. Улар орасида турли касб эгалари, эркаклар ва аёллар, ёшлар ва катта  ҳаёт тажрибасига эга инсонлар бор. Бундай ажойиб сафдошларимиз орасида халқ депутатлари туман  кенгашининг депутати Эркинжон Бориев, ҳуқуқшунос  Фароғат Раззоқова, шифокор Дилмурод Исмоилов, педагог Юлдузхон Ўринбоева  кабиларни тилга олиш мумкин. Бу каби инсонларнинг бошини қовуштириб, муштарак мақсадлар сари даъват этаётган ҳеч шубҳасиз, туман партия кенгаши раиси Заҳрохон Аҳмедовадир.

- Иш бошлаган дастлабки кунларимданоқ кадрлар билан ишлашни  ўзим учун биринчи даражали масала сифатида белгилаб    олдим,  - дейли  у. -  Ҳар бир кишига унинг ишчанлик қобилияти, билим даражаси ва сиёсий савиясини, масъулиятни ҳис қилишидан келиб   чиққан ҳолда  ёндошиша уринаман. Яъни у ёки бу  тадбирга жалб  этишда, вазифа топширишда шахсий салоҳиятини ҳисобга  оламан. Бу,  халқ  депутатлари туман кенгашидаги “Адолат”   СДП фаолиятига ҳам тааллуқли, албатта. Кейинги  пайтда  депутатлар  фаолиятини  такомиллаштириш бўйича қатор чора-тадбирлар  кўрилмоқда. Бунда пухта  ўйлаб  тузилган режа асосида иш олиб борилаётганлиги асосий омил бўлаётир.

Халқ депутатлари туман кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик  гуруҳи уч кишидан  иборат. Улар  турли  касб  эгалари – бири маҳалла фуқаролар  йиғини раиси, иккинчиси иқтисодчи, бошқаси  хусусий  тадбиркор. Лекин умумий  иш учун жонкуярлик барчаларига  хос  фазилат. Бу,  яқинда  гуруҳда  ўтказилган йиғилишда ҳам яққол  кўзга   ташланди. Партиядошларимиз  туман солиқ инспекцияси ва “Халқ банки” Тўрақўрғон бўлими  фаолиятини ўрганиб, натижаларини  муҳокама қилдилар. Бу ишга Толибжон  Босиджонов  бошчилик  қилди.  Чунки  унинг  касби  иқтисодчи,  ўзи Ўзбекистон Ташқи  иқтисодий  фаолият миллий банки  тизимида ишлайди. Депутатларимиз  ҳар  икки ташкилот  фаолияти билан яқиндан  танишдилар. Нафақат ходимлар,  балки  мижозлар  билан  ҳам суҳбатлашилиб,  фикрлар  алмашилди, сўровлар ўтказилди.  Шунинг  учун якуний  маълумотномада эришилаётган яхшинатижалар  қатори  мавжуд  айрим  муаммолар,  фойдаланилмаётган  имкониятлар ҳақида  ҳам  сўз юритилди.

Халқ депутатлари  туман  кенгашидаги “Адолат” СДП  гуруҳи йиғилишига тегишли  доимий комиссия аъзолари, бир қатор партия фаоллари  ҳам  таклиф  этилди. Солиқ  инспекцияси бошлиғи  Шоҳруҳ  Акбаров тақдим этган  ҳисоботида маҳаллий  бюджетни  шакллантиришда  жамоа аъзоларининг иштирокини кучайтириш, солиқлар базасини кенгайтириш масалаларига  тўхталди. “Халқ банки” Тўрақўрғон бўлими бошқарувчиси  Маъмура  Бўронова эса ўзи раҳбарлик қилаётган молия  муассасасининг фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирди. Йиғилиш қатнашчилари ўзларини  қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олдилар.

– Биз  мансабдор шахсларнинг эшитуви  амалиётини  биринчи бор  қўлладик, - дейди депутатлик  гуруҳи  раҳбари  Толибжон Босиджонов. – Шунинг  учун  тадбир балки юқори  даражада  ташкил  этилмагандир.  Лекин  ҳар ҳолда  қандайдир  натижага  эришилди.  Бу йўналишдаги  ишларни изчил  давом эттирамиз.                                                                                                        

Яна бир масала шундаки, депутатлартуман партия  кенгаши билан узвий  ҳамкорликда иш  олиб  бормоқдалар.  Бу,  пандемия туфайли  эълон қилинган ўтган йилги карантин шароитида яққол намоён бўлди. “Адолат” СДП гуруҳидаги  сафдошларимизнинг сайловчилар билан ўрнатган мустаҳкам алоқалари, юзага келган мураккаб вазиятни юмшатишга қаратилган саъй-ҳаракатлари кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилди. Ўшанда 30-Куймозор сайлов округидан депутат Толибжон Босиджановнинг ўз округида педагоглар илтимосига кўра аҳолига интернет тармоғидан ишончли фойдаланишларига шароит яратиш учун  жон куйдирди. Мутасадди ташкилотларга киритилган сўровлар ва қилинган мурожаатлар ўз самарасини   берди. Аҳолига  интернет хизматларидан ишончли фойдаланиш имкониятлари яратилди. Бунинг учун  қўшимча шиша толали  сим тортилди, ускуналар  созланди.

26-Қатағон сайлов округидан сайланган  Э. Бориев қўл урган хайрли иш ҳам  савобли  бўлди.  Унга фуқаролардан бири мурожаат қилиб, тўқсон ёшли онасининг оғир хасталик туфайли юролмай қолгани, аммо ногиронлик аравачаси олишга қурби етмаётганини айтган. Депутат, айни пайтда “Қатағон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Эркинжон мурожаатни дарҳол ўрганди ва тегишли ёрдам кўрсатиш учун МФЙ фаолларни кенгашга чорлади. Маслаҳат асносида бир неча тадбиркорнинг кўмагида эзгу иш амалга оширилди. Орадан кўп вақт  ўтмай, Э. Бориев бир гуруҳ маҳалла фаоллари билан кекса онахоннинг хонадонига бориб, Саломатхон Аҳмадшеровага аравачани туҳфа этди. Бундан кўнгли кўтарилган момо ҳаммани чин дилдан дуо қилди.

Ўшанда депутат-сафдошимиз бизга шундай  деганди:

– Мен адабиётнинг, айниқса, ўзбек мумтоз шеъриятининг ашаддий мухлисиман. Ростини айтсам, ўзим ҳам баъзан  қалам тебратиб, дил изҳорларимни қоғозга тушириб тураман. Хусусан, улуғ бобокалонимиз Алишер  Навоийнинг бемисл даҳоликка йўғрилган фикрлари бошқалар қатори каминани ҳам ҳайратга солади. Шоиримиз ўша пайтлардаёқ тенгсизлик устидан адолат, жаҳолат устидан ақл, моддият устидан маънавият, нафсоният устидан руҳоният тантана қилмагунча, одам покланиб комиллашмагунча, эл шод, мамлакат обод бўлмаслигини англаб етганлигига тан бераман.

“Адолат” СДП депутатлик гуруҳининг яна бир аъзоси - Нуриддин Ваққосов ҳам кўп ишларда  фаоллик кўрсатмоқда. Масалан, яқинда туманда “Коррупция - ёшлар тасаввурида” мавзусида иншолар  танлови ташкил  этилди. Бу тадбирдан  биронта умумтаълим  мактаби четда қолмаслиги  керак эди. Бошқа фаолларимиз  қатори Нуриддин ҳам  бу ишда   жонбозлик    кўрсатди. У ўз сайлов  округи  ҳудудидаги таълим масканларининг  раҳбарлари ҳамда она тили ва адабиёти  ўқитувчилари билан  яқиндан ғамкорлик ўрнатди. Нафақат ўқитувчилар, балки ўқувчилар учун ҳам қўшимча сабоқлар ташкил этилди. Бу каби омиллар танловни юқори савияда ўтказишга, болаларнинг ижодий қобилиятларини тўла намойиш этишлари учун шарт-шароитлар яратди.

Бундай  мисолларни   кўплаб   келтириш   мумкин. Шу  йил  март  ойида “Адолат” СДП вилоят Кенгаши Тўрақўрғонда “Адолат бор жойда тараққиёт бор!” шиори остидаги  ташкил этилган амалий семинар ташкил этди. Унда  шаҳар, туман кенгашлари раислари, депутатлар, йирик БПТ етакчилари қатнашдилар.

Иштирокчилар бир қатор намунали бошланғич ташкилотлар фаолияти билан яқиндан танишдилар. Хусусан, туман қурилиш бўлимида тузилган БПТ олиб бораётган ишлар барчада катта қизиқиш уйғотди.

Туман партия кенгашининг депутатлар, БПТлар  билан  ўзаро ҳамкорлиги қандай йўлга қўйилганлиги  ҳам ўрганилди.

 - Ўтган  давр мобайнида  анча-мунча иш  қилганимизга қарамай,  бундан ҳали ҳеч кимнинг   кўнгли   тўлгани  йўқ, - дейди    туман кенгаши раиси Заҳрохон  Аҳмедова. – Чунки олдимизда янада кенг кўламли  вазифалар  турибди. Бу йил        Президент сайловлари ўтказилади.  Бу  йирик сиёсий тадбирда партиямизнинг   муносиб иштирок этишини таъминлашимиз   зарур.  Яқинда  мен депутатларимиз   билан   биргаликда  Наманган  давлат   университетида ташкил этилган  ўқув курсларида таҳсил  олдик. Энди фаолларимизни мазкур  жараёнга  пухта  тайёрлашимиз лозим.

                                                                                     Нурбек АБДУЛЛАЕВ.

Ўзбекистон “Адолат”    СДП

Наманган вилоят  Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+