Тошкентнинг адолатли қайноналари маълум бўлди

31.08.2021 21:08:56

 

Адолат сўзи ҳар мезонга тўғри келади. Айниқса, оиладаги ўрни ўзгача бўлган қайноналарда бу нисбатнинг амал қилиши учун улар тарозининг икки палласини тенг ушлаши зарур.

Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан мунтазам равишда ўтказилиб келинаётган “Адолатли қайнона” кўрик-танлови айнан қайноналарни одил ва адолатли бўлишга чорлаш, оилалар мустаҳкамлигига ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилиб келинмоқда. Хабарингиз бор, мазкур танловнинг туман босқичлари ўтганлиги бўйича бирма-бир маълумот тақдим этиб бордик. Яқинда танловнинг Тошкент шаҳар босқичи  ҳам кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Шайхонтохур туман 192 сонли мактабда бўлиб ўтган танловда туманларда ғолиб бўлиб, шаҳар босқичига тавсия этилган саккиз нафар қайнона иштирок этди. Иштирокчилар бир-биридан қизғин учта шарт асосида беллашдилар. Керакли мутахассислардан тузилган ҳакамлар ҳайъати улар бажарган шартлар асосида иштирокчиларни баҳолаб бордилар. Танловда Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари Одилжон Омонов, депутат Дилдора Исломова иштирок этиб, тадбир аввалини кириш сўзлари билан бошлаб берди. Шунингдек, партия фаоллари, депутатлар, маҳалла аҳли вакиллари, психологлар, Тошкент шаҳар Нуронийлар кенгаши вакиллари ҳамда кўплаб қизиқувчи томошабинлар иштирок этди. Таништирув, иштирокчиларнинг оиладаги қайноналик ролини синаш ҳамда  ижтимоий билимларини аниқлаш мақсадида тузилган савол-жавоблар ҳамда эркин мавзудаги саҳна кўринишлари-ю, шеър, қўшиқ, рақс ва ашулалар барча иштирокчиларда бирдек қизиқиш уйғота олди. Шунингдек, тадбир давомида ташкилотчилардан бўлган 192 мактаб жамоаси ўғил-қизларининг бир-биридан гўзал бадиий саҳна чиқишлари барчага манзур келди.

Якунда ҳакамлар ҳайъати томонидан натижавий баллар эълон қилиниб, ғолиблар аниқланди. Учинчи ўринни Учтепа туманидан Мирзаева Дилобар, иккинчи ўринни Яшнобод туманидан Омарова Мохин, фахрли биринчи ўринни Юнусобод туманидан Хасанова Матлубалар қўлга киритди. Қолган иштирокчилар ҳам “Зукко қайнона” номинациясида ғолиб деб топилди. Ғолибларга  ва барча иштирокчи қайноналарга Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгашининг дипломлари ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди. Биринчиликни қўлга киритган қайнона танловнинг Республика босқичида қатнашиш учун йўлланмани қўлга киритди.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар кенгаши

матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+