Тозалик – юксак маданият ифодаси

18.08.2021 16:08:10

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида кўзда тутилган мақсад-вазифалардан келиб чиқиб, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида ҳудудларда партия фаоллари ва депутатлар ташкилотчилигида бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Ҳудудлар ободлиги, тозалигини таъминлаш мақсадида уюштирилаётган кўнгиллилар ҳашари кўплаб юртдошларимизда хайрихоҳлик уйғотиб, жамоатчилик диққатини жалб этаётганлиги қувонарлидир.

Хусусан, Халқ депутатлари Бандихон туман Кенгаши депутати Содиқ Каримбердиев ташаббуси билан тумандаги 408-сайлов участка ҳудудида партиянинг "Тозалик йўлида бирлашайлик" лойиҳаси доирасида ободончилик ишлари олиб борилди.

Маҳаллалар аҳолиси, ёшлар партия фаолларининг эзгу саъй-ҳаракатларига хайрихоҳлик билдириб, тадбирда фаол иштирок этишди. Ҳашар давомида участка ҳудудида кенг кўламдаги тозалик ва озодалик юмушлари бажарилди. Кўчалар ва маҳаллалар атрофи супуриб-сидирилиб, янада кўркам ҳолатга келтирилди.

Ҳашар сайлов участкаси бўйлаб ўтган асосий кўчада уюшқоқлик билан ўтди. Йўл атрофлари тозаланиб, дарахтларга шакл берилди, ҳазонлардан тозаланди. Тўпланган чиқиндилар тадбирга жалб этилган шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг “Махсустранс” бўлими транспорт воситаларида туман ташқарисидаги алоҳида белгиланган махсус жойга ташиб чиқарилди.

- Буларнинг барчаси кўнгиллар ободлигига, аҳоли саломатлигига, юртимиз янада чирой очишига хизмат қилади,-дейди депутат С.Каримбердиев.- Мамлакатимиз бўйлаб тайёргарлик кетаётган муҳим сиёсий жараён пандемия даврига тўғри келди ва ушбу жараёнда уйимиз, маҳалламиз, иш жойимиз, хуллас, ён-атрофнинг тоза-озодалиги янада муҳим аҳамият касб этади. Чунки ҳар қандай инфекция санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинмаган жойда хуруж қилади. Шу боис аҳоли гавжум жойлар, серқатнов масканлар, йўллар ва маҳаллалар ҳудудларини дезинфекциялаш ишларини йўлга қўйиб бориш зарурдир. Партиямизнинг мазкур лойиҳасини амалга ошириш орқали айни қийин вазиятда фуқароларнинг атроф-муҳит, табиат мусаффолигига масъулиятини янада кучайтириш, тоза-озода сақлаш, тиббий маданиятни янада кучайтириш кўзда тутилган.

Партия лойиҳаси асосида бошланган муҳим тадбирлар фуқароларда тозалаш-ободонлаштириш ишларига, озодаликка, саранжом-саришталикка риоя этиш, яратилган шароитларга ҳурмат, дахлдорлик ҳиссини уйғотишга хизмат қилади.
Албатта, бугунги вазиятдан келиб чиқиб ўзимиз яшаётган ва меҳнат қилаётган ҳудуднинг саранжом-саришта ва озодалиги, атроф-муҳит мусаффо бўлишига улуш қўшсак, ҳаётимиз янада гўзаллашиб, ҳар бир ишимизда унум ортаверади. Зеро, ҳар бир ҳудуд ободлиги, озодалиги соғлигимиз гарови саналади.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+