Туман марказларида кўп қаватли уйлар қурилиши бошланди

14.04.2021 10:04:03

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавка Мирзиёевнинг Наманганга ташрифи жараёнида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан катта вазифалар белгиланган эди. Айни пайтда бу борадаги ишлар жадал давом этмоқда. Айниқса, аҳоли учун турар-жойлар қуриш устувор масала сифатида кун тартибига қўйилгани диққатга сазовордир. Бу борада давлат раҳбарининг   2021 йил 11 мартдаги “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 6186-сонли Фармони дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

– Хизмат вазифаси тақозоси юзасидан тез-тез туманларга чиқиб туришга тўғри келади, - дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Баҳодир Болтабоев. – Ҳар сафар шаҳар ва қишлоқларда роиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларини кўриб, дилингиз қувончга тўлади. Айниқса, янги турар-жой бинолари менимча, фаровонлик белгиси ҳисобланади. Чунки ўз “ватани”га эга ҳар бир инсон эл манфаати учун фидойилик кўрсатишга ўзида куч топа олади. Яқинда мен ўзим ана шундай эзгуликка йўғрилган тадбирларда қатнашиб, катта таассуротларга эга бўлдим.

Мисол учун,  Чортоқ тумани марказидаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бир йўла 12 та беш қаватли уй қурилиши бошланди. Уларда жами 240 та хонадон бўлади. Бундан ташқари, “Короскон” ва “Ойқирон” маҳаллаларида ҳам етти ва тўққиз қаватли уйлар бунёд этилади. Шу йил охиригача қад кўтарадиган мазкур турар-жой биноларидаги хонадонларга жами 380 та оила кўчиб киради.  Қурилиш бошланиши олдидан  жонлиқ сўйилиб, Қуръони карим тиловат қилинди. Бунёдкорлик ва хайрли ишлар дебочаси бўлган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари қатори “Адолат” СДП фаоллари ҳам иштирок этдилар.

Уйчи тумани марказида ҳам кўп қаватли уйлар қурилиши бошланди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Саидаҳмад Султанов сўзга чиқиб, бунёдкорлар учун энг муҳим вазифаларни белгилаб берди. Биноларни қисқа муддатларда ва сифатли қуриш, бунинг учун илғор технологиялардан ва замонавий материаллардан фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.  Беруний номли маҳалла ҳудудида жами 9 та беш қаватли турар-жой биноси қад кўтаради. Уларда 220 та хонадон бўлади. Барча уйлар йил охирига қадар фойдаланишга топширилади.

Учқўрғон туманидаги “Деҳқонобод” маҳалласида ҳам 60 хонадонли беш қаватли бино қурилиши бошланди. Шу муносабат билан ўтказилган маросимда сўзга чиққанлар бундай уйлар ҳар бир туман ва шаҳарда бунёд этилишини таъкидладилар.  Уларни аҳоли учун қулай ва шинам бўлишига алоҳида  эътибор қаратилади.  Нафақат ички, балки ташқи дизайн  ҳам замонавий талабларга жавоб бериши таъминланади. Болалар ва воркаут майдончалари, яшил зоналар барпо қилинади. Айнан шу ҳудудда яна саккизта беш қаватли уйлар тикланади. Уларнинг ярми  «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ, қолганлари эса тадбиркорлар томонидан эса тўртта етти қаватли турар-жой бинолари бунёд этилади.

Шу каби кўп қаватли турар-жой бинолари вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам бунёд этилмоқда.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+