Туркий давлатлар ҳамкорлигининг янги даври бошланди

14.11.2022 14:11:22

Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд ўтган ҳафтада яна жаҳон сиёсатчиларининг, халқаро экспертлар ва оммавий ахборот воситаларининг диққат марказида бўлди. Ер юзининг сайқали деб номланган шаҳарда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг «Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари» мавзусидаги йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Туркманистон ва Венгрия етакчилари иштирок этдилар. Қатнашчилар орасида Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ), Туркий давлатлар парламент ассамблеяси (ТУРКПА), Халқаро туркий академия, Туркий маданият ва мерос жамғармаси, ушбу кўп томонлама тузилма Котибияти раҳбарлари ҳам бор эди.

Саммит иштирокчилари сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар. Ўзаро боғлиқликни кучайтириш, туризм, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳим вазифалардан эканлиги қайд этилди. Бунда ҳудудлар ўртасида фан ва таълим, технологиялар ва инновациялар борасидаги ҳамкорликнинг самарали механизмларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги ҳақида ҳам фикр юритилди. Мамлакатимиз халқларининг дўстлик ва ҳамкорлик анъаналари илдизи узоқ асрларга бориб тақалиши диққатга сазовордир. Энди ана шу тамойилларни ривожлантиришда, ўзаро алоқалар тараққиётида янги давр келганлиги шубҳасиздир.

Давлатимиз раҳбари саммитдаги нутқида таъкидлаганидай, қадим туркий замин минг йиллар давомида Шарқ ва Ғарбни туташтириб, жаҳон цивилизацияларини бир-бирига яқинлаштириб, дунё маданиятларини бойитиб келган. Биз Туркий дунё буюк тарихининг ёрқин саҳифалари улуғ аждодларимиз томонидан биргаликда яратилгани билан ҳақли равишда фахрланамиз. Геосиёсий зиддиятлар, глобал иқтисодий инқироз ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари ортиб бораётган шароитда энг долзарб муаммолар ечими бўйича давлатларимиз умумий ёндашувларни белгилаб олиши, саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириши ниҳоятда муҳимдир. Шу муносабат билан Ўзбекистон ўз раислиги даврида «Туркий дунё нигоҳи – 2040» концепцияси ҳамда бугун қабул қилинаётган Туркий давлатлар ташкилотининг беш йиллик стратегиясини самарали амалга ошириш, 170 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган улкан минтақани ўз ичига олган Ташкилот нуфузини янада мустаҳкамлаш, ва энг асосийси – тарихи, тили ва маданияти муштарак бўлган қардош халқларимиз ва давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни юксак поғонага олиб чиқиш ниятида.

Ўзбекистон раҳбари Ташкилот фаолиятининг чуқур таҳлили асосида туркий мамлакатларнинг улкан салоҳияти ва имкониятларини ишга солишга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди. Ўз навбатида саммит қатнашчилари бўлган давлатлар етакчилари ҳам жиддий таклиф ва мулоҳазаларни билдирдилар.

Ўйлаймизки, Туркий давлатлар ташкилоти аъзолари ҳамкорлигининг янада мустаҳкамланиши халқларимиз турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилибгина қолмай, бутун дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга ҳам кўмаклашади.

Исроилжон ЖЎРАЕВ, 

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси.

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+