Учқўрғонга қулупнай сайлига келинг!

17.05.2021 14:05:23

-Ҳар бир ҳудудни у ёки бу қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиришга ихтисослаштириш керак, - Президентимиз томонидан билдирилган бу фикр кўп жойда маъқуллаб кутиб олинди. Мазкур ғояни Учқўрғон туманидаги томорқа эгалари ҳам қўллаб-қувватладилар. Шу ўринда бизда деҳқончилик илмини пухта эгаллаган миришкорлар жуда кўплигини қайд  этиш лозим. Тупроқ унумдор, сув таъминоти яхши.

Шунинг учун бўлса  керак, ҳамюртларимиз ўз томорқа майдонларида, ҳовлиларида қулупнай етиштиришни йўлга қўйдилар. Бир неча  йилдирки, улар баҳорнинг илк мазали мевасини ҳаммадан аввал вилоят марказидаги ва қўшни туманлардаги бозорлар ҳамда дўконларга етказиб берадилар. Даромад ҳам шунга яраша, миришкорлар ўз меҳнатларидан барака топадилар.

Туманимизда аҳоли ихтиёрида 1881 гектар томорқа майдони бор. Унинг ярмидан ортиғи, яъни минг гектарга яқини қулупнай учун ажратилган. Бу экишдан юқори хосил олиш “сир”ларини пухта ўзлаштирганлар, айниқса, Қўғай ва Қайқи қишлоқларида кўпчиликни ташкил этади. Бу йил ҳам томорқа эгалари бу ажойиб мева туфайли мўмай даромадга эга бўлдилар, яъни рўзғорларига  барака кирди.

Қулупнайчилик миқёсларини кенгайтириш, бу ишни илмий асосда ташкил этишни катта аҳамиятга эга. Бир неча йил аввал халқ депутатлари туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзолари шу йўналишда қатор таклифлар билан чиққан эдилар. Яқинда уларнинг бири амалга ошди. Яъни туманда қулупнайчилик томорқа илмий маркази ташкил этилди. Бунга деҳқон, фермер хўжаликлари ва томорқа эгалари  уюшмаси бош-қош бўлди.

Айни пайтда марказ учун алоҳида бино ажратилди ва у ҳозир таъмирланмоқда. Тўрт ярим гектар экинзорда эса тезпишар ва серҳосил навлар маҳаллий шароитга мослаштирилади. Уларнинг намуналари келгуси йилиёқ томорқа эгаларига етказиб берила бошлайди. Қандай ўғитлардан фойдаланиш, парвариш технологияси бўйича ҳам тавсия ва маслаҳатлар берилади.

Тез орада Учқўрғонда “Қулупнай сайли” ҳам ўтказилиши мумкин. Депутатларимиз ҳозир ана шу тадбир лойиҳаси устида иш олиб бормоқдалар.

 

Феруза АБДУЛЛАЕВА,

Халқ депутатлари Учқўрғон туман

кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси                 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+