Учтепада номзоднинг ишончли вакили билан учрашув ўтказилди

24.09.2021 12:09:49

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Баҳром Абдуҳалимов Абдураҳимович номзоди илгари сурилмоқда. Шундан келиб чиқиб, жойларда номзоднинг сайловолди дастури билан кенг оммани хабардор этиш мақсадида номзоднинг ишончли вакили билан учрашувлар ташкил қилинмоқда. “Адолат” СДП Учтепа  туман Кенгаши томонидан Ўзбекистон давлат жахон тиллари университетида ана шундай учрашувларнинг навбатдагиси ташкил этилди. Унда партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши аъзолари, туман Кенгашлари фаоллари, депутатлар, университет жамоаси, талаба ёшлар иштирок этишди.

Дастлаб номзоднинг ишончли вакили тарафидан сайловолди дастурнинг аҳамиятли жиҳатлари ҳақида сўз юритилди. Хусусан, унда бирламчи ғоялар сифатида суд-ҳуқуқ, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий масалалар ўрин олганлигига эътибор қаратилди.

Учрашув давомида ўқитувчи ва талабалар дастур юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига аниқ жавоблар олишди.

Эъзоза ДАЛИЕВА, Ўзбекистон давлат жахон тиллари университети талабаси:

  • Учрашувда номзоднинг биз учун аҳамиятли бўлган дастур бандлари билан танишганимиз қувонарли бўлди. Хусусан, унда рейтинги юқори бўлган талабалар бепул олий таълим олишини кафолатлаш, ўқитувчи мақоми тўғрисида қонун қабул қилиниб, уларни ҳар жиҳатдан ҳимоя қилиниши ва қўллаб-қувватланишини таъминлаш, мактаб дарсликлари бўйича илмий-тадқиқот институти очилиши, олий таълим муассасаларига жалб этилган хорижий профессор-ўқитувчилар, талабалар учун виза ва турли давлат божи бекор қилиниши каби устувор мақсадлар ўрин олганлиги диққатга сазовордир.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+