Улкан марраларни забт этиш учун қанот ва уйғоқликка чорлов

05.07.2021 11:07:14

Инсоният жисми соғлом бўлиши учун кунда уч маҳал овқатланишни одат қилгани каби руҳияти соғлом бўлиши учун маънавиятга ошно бўлиши, китоб ўқишга одатланиши муҳим. Ёш бола улғайиши учун уни ўз вақтида овқатлантириб, жисмини турли хасталиклардан асраб, парваришлаймиз. Нега энди унинг руҳий камолоти ҳақида қайғурмаймиз? Унга одоб ўргатиб, тарбия бериш, маънавияти юксалиши учун ҳаракат қилиш, хусусан, китобга, илм-маърифатга ошно қилиш бу борадаги зарурий ишларимиздан бўлиши даркор.

Бугун шиддат билан ривожланаётган давр ҳар куни бизнинг олдимизга янги вазифалар ва уларни ҳал этиш шартларини қўймоқда. Давлатимиз раҳбарининг Ёшлар куни муносабати билан ёшлар ва талабалар иштирокида бўлиб ўтган форумида сўзлаган нутқлари биз ёшларга янада улкан марраларни забт этиш учун қанот бағишлаш билан бирга, уйғоқликка, ҳушёрликка чорлади.

Давлатимиз раҳбари форумда бугунги ёшларнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, маданий савияси ҳақида ҳам алоҳида тўхталди. Ёшлар ўртасида қайд этилаётган жиноятчилик, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, оилавий ажралишлар, бузғунчи ва радикал оқимлар таъсирига тушиш ҳолатлари давом этаётгани жиддий муаммо эканлигини куюниб гапирди.

-Биргина жорий йилнинг 5 ойи  давомида 7 мингдан зиёд ёшлар жиноят содир этгани, ҳозирги вақтда қарийб 40 минг нафар ёш профилактик ҳисобда тургани хавотиримиз бежиз эмаслигини кўрсатмоқда - дейди Президентимиз ўз сўзида.

Дарҳақиқат, давр кескин суръатлар билан ўзгариб бормоқда. Ижтимоий ҳаётимизда кўплаб ижобий жараёнлар билан бирга, ёш авлоднинг қалби ва онгини эгаллашга қаратилган маънавий таҳдидлар ҳам тобора хавфли тус олмоқда. Бундай мураккаб вазиятда ёшларни зарарли таъсирлардан асраш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаш лозимдир. Ёш авлоднинг Ватанимизга, мустақиллик ғояларига муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг истеъдод ва қобилиятини, эзгу интилишларини рўёбга чиқариш йўлида бошлаган катта ишларимизни бундан буён ҳам қатъият билан давом эттириш зарур.

Халқимизнинг муқаддас қадриятлари, тимсоллари ва табаррук қадамжоларига беписанд муносабатда бўладиган кимсаларга нисбатан жазо чораларини янада кучайтириш борасида давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган фикрларни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Бундай бузғунчи ишларнинг олдини бугун олмасак, эртага кеч бўлади.

Ижтимоий тармоқларда шу каби хунук ҳолатлар ҳақида ҳар куни “айланаверса” ёшлар онгига одатий ҳолдек ёзилиб қолади. Ва улардан андоза олганлар сафи ҳам кенгайиб бораверади. Шунинг учун ҳам Юртбошимиз таъбири билан айтганда мамлакатимиз ёшларига мутлақо ярашмайдиган салбий кўринишларга, жамиятимизда мутлақо ўрин бўлмаслиги керак. Бундай замонамиз “қаҳрамонлари” охирини ўйламай қилган ҳаракатлари учун кечирилмас ва қатъий жазо муқаррарлигини англаб етишлари зарур.

 

Асқар ХОЛИҚОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+