Уруш фахрийларига эҳтиром

07.05.2021 18:05:57

Президентимизнинг жорий йил 20 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини матбуотда ўқиб чиқдим. Ҳақиқатдан ҳам фашизим устидан қозонилган буюк ғалабага   барча миллат ва элатлар қатори ўзбеклар ҳам катта хисса қўшдилар. Ҳаёт-мамот жангларида матонат, ўзбек халқига хос мардлик, қаҳрамонлик кўрсатдилар.

Шуни алоҳида этироф этиш керакки, юртимизда умргузаронлик қилаётган уруш фаҳрийларини эъзозлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш, рағбатлантириш, ҳурматларини жойига қўйиш учун муҳтарам Президентимиз, ҳукуматимиз ва халқимиз томонидан барча эзгу ишлар қилинаяпти. Хусусан, Президентимиз фармон ва қарорларига асосан  уруш фахрийларини 12 миллион сўм пул билан рағбатлантириш, уларнинг соғликларини тиклаб олишлари учун бепул даволаш, санатория, дам олиш масканларига йўлланмалар ажратиш учун кенг имкониятлар яратилди. Бундан ташқари,вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимларига, Мудофаа,  Ички ишлар, Маданият, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда Ватан озодлиги ва шон-шарафи ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар ва маданий-маърифий кечаларни ўтказиш топширилди.

9 май - "Хотира ва қадрлаш куни" мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатлардандир.

Юртимизда ўтганлар хотирасини эъзозлаш, бугунги тинч, осойишта, дориломон  кунларга етишимизда фидойилик кўрсатган иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар, нуроний отахону онахонлар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериш эзгу анъанага айланган.

Хотира ва қадрлаш тушунчалари замирида инсонга, унинг ҳаёти,  шаъни ва қадр-қимматига чексиз эҳтиром туйғуси мужассам. Хотира ва қадрлаш куни арафасида бугунги тинч-осойишта ҳаёт, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир синов ва машаққатлар эвазига эришилгани хаёлимиздан ўтади. Шу йўлда қурбон бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасига таъзим қиламиз. Бизга насиб этган мустақиллик, тинчлик ва осойишталикнинг аҳамиятини янада теранроқ англаймиз.

9 май куни  фашизм устидан қозонилган  буюк ғалабанинг 76 йиллигини кенг нишонлаймиз. Ана шу буюк ғалабани қўлга киритишда мардлик ва жасорат кўрсатган фахрийларимизни, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизни табриклаб, уларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилаш барчамиз учун катта шарафдир. Шу билан бирга, уруш майдонларидан қайтмаган, мана шундай мусаффо осмон, тинч ва осойишта ҳаёт учун жон бериб, қурбон бўлган юртдошларимизнинг муқаддас хотираси олдида бош эгамиз.

Шуларни ўйласак, ўз-ўзидан бугунги саодатли кунларга осонликча эришилмаганини англаймиз. Демак, барчамиз шу азиз Ватанни кўз қорачиғимиздек асрашга бурчлимиз. Иккинчи жаҳон урушида қатнашган юртдошларимиз сафи тобора камайиб  боряпти. Шу боис уларнинг қадрига етиб, дуоларини олиб қолишга ҳаракат қилишимиз керак. Кексаларни эъзозлашни ўзини мусулмон санаган киши борки, шараф билан адо этади. Инсон қадри улуғ, хотираси сарбаланд юртда яшаймиз. Орамизда кексалик гаштини сураётган уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор. Жанггоҳларда кўксини қалқон қилган юртдошларимизни хотирлаш, ўтганларни ёд этиш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш турмуш тарзимизнинг ажралмас қисмига айланган.

Урушда қатнашган, катта жасорат ва матонат кўрсатиб, бугунги дориломон кунлар учун курашган отахон ва онахонларимизни қанча эъзозласак, ардоқласак ҳам кам.

Бугун Ўзбекистон “Адолат” СДП  вилоят ва Қарши шаҳар Кенгаши аъзолари, “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари   шаҳарда  истиқомат қилиб келаётган иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Вера Андреевнанинг хонадонига ташриф буюриб, онахонни  байрам билан муборакбод этдилар. Ўтмишнинг машаққатларини эслаган онахон уруш даврида қийинчиликларни, халқимиз бошидан ўтказган оғир кунларни ёшларга гапириб берди. Очарчилик, қаҳатчилик кунлари ҳақида сўзлади. Ёшларга бугунги фараҳбахш кунларнинг қадрига етиб, унга муносиб бўлиш кераклигини уқтирди. Эзгулик, яхшилик ва ҳалолликни улуғлаб яшаш бўйича панд-насиҳатлар берди.

Мутасаддилар томонидан Вера Андреевнага совғалар инъом этилди.

 

                             Руиддин РАУПОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қашқадарё  вилоят
Кенгаши раиси,
халқ депутатлари вилоят
Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+