“Урушни биз кўрдик, сизлар кўрманглар...”

07.05.2021 18:05:33

Ҳар йилгидек бу йил ҳам 9 май Хотира ва қадрлаш куни, иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб, Ватанимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-аҳлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш мақсадида жойларда уруш қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийларидан хабар олиняпти,  турли тадбирлар юксак савияда ташкил этилмоқда.

Шу муносабат билан Жарқўрғон туманидаги “Лойқанд” МФЙда яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Рўзи ота Абдуллаев хонадонига Халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгаши депутати Қизларшой Раҳматова бошчилигида фаоллар ва ёшлар, бошқа жамоатчилик вакиллари ташриф буюриб, отахонга "Хотира ва Қадрлаш куни" муносабати билан  совға-салом, озиқ-овқат маҳсулотларини топширдилар. Уруш қатнашчиси билан дилдан суҳбатлашдилар. Рўзи ота ёшларга ўз хотираларидан сўзлаб берди:

-Урушни, қора кунларни биз кўрдик, сизлар кўрманглар. Бугун юртимиз тинч, чегараларимиз мустаҳкам. Уйимиз, хирмонларимиз донга тўла, нон сероб. Юртимиз обод, бозорларимизда тўкин-сочинлик. Бундай кунларнинг қадрига етиш, ҳамиша шукроналик билан яшаш керак. Бундай юртда яшашнинг ўзи катта бахт, болаларим.

Суҳбат давомида ёшлар ватанимизни ҳимоя қилишда жонини фидо қилган, халқ орзу қилган эркинлик учун курашган, бугунгидек тинч ва осуда ҳаётни бизга яратиб берган миллат қахрамонларига нисбатан  чин дилдан  миннатдорчилик  ҳиссини туйдилар. Зеро, халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, мурувват ва ҳиммат, кексаларни ардоқлаш, кўмакка муҳтожларнинг ҳурматини жойига қўйиш қон-қонимизга сингиб кетган фазилатлардир.

Баҳром ШОМУРЗАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Жарқўрғон туман

“Ёш адолатчилар” қаноти Кенгаши раиси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+