Устозларга эҳтиром кўрсатилди

30.09.2022 15:09:11

1 октябрь — Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан бугун Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратида байрам тадбири ташкил этилди.

Партия Марказий аппарати ва ҳудудий Кенгашлар ходимлари ва фаоллар иштирокидаги мазкур тадбирни партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Раҳмонов Абдукамол Шодиевич кириш сўзи билан очиб, соҳада кўп йиллардан буён фаолият юритиб келаётган ва ёшларга ўзининг касб маҳоратини улашаётган фаол ходимларни, қолаверса, фахрийлар ва партия аъзоларини, шунингдек, мамлакатимиз таълим тизимида муносиб меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўқитувчи ва устозларни байрам билан табриклаб, самимий суҳбатлашди.

Жараёнда сўз олганлар томонидан ибратли меҳнат фаолияти билан ўрнак ва устоз бўлаётган фаолларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, илиқ фикрлар билдирилди.

Таъкидланганидек, ҳар бир инсоннинг комил шахс бўлиб вояга етишида, етук касб эгаси бўлиб, жамиятда ўз ўрнини топишида устоз-мураббийларнинг ўрни беқиёс. Бу борада фидойи, заҳматкаш ўқитувчи ва мураббийлар ўз шогирдларига билим бериш, ҳунар ўргатиш баробарида уларнинг қалбига инсонга хос энг гўзал эзгу хислатларни, меҳр-оқибат ва одамийлик туйғуларини сингдириб борадилар.

Шунингдек, тадбирда иштирок этган ёшлар томонидан бугун турли йўналишларда ўз иқтидори, маҳорати ва билим салоҳияти билан юқори натижаларга эришиб келаётган ўғил-қизларимизнинг муваффақиятлари замирида аввало, азиз устозларнинг заҳматли меҳнатлари мужассам эканлиги таъкидланди.

Тадбир якунида иштирокчилар шарафли касб байрами муносабати билан мамлакатимиздаги барча устоз ва мураббийларни самимий муборакбод этиб, уларга келажак пойдеворини яратиш, ўғил-қизларимизга билим ва тарбия беришдек шарафли ва заҳматли меҳнат фаолиятида зафарлар ёр бўлишини тиладилар.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+