Васийлик ва ҳомийлик нима учун керак?

27.04.2021 19:04:33

Мамлакатимизда васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали, кўп босқичли тизими яратилган. Уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар босқичма-босқич кўриляпти. Аввал республикамизда васийлик ва ҳомийлик билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар асосан “Фуқаролик кодекси”, “Оила кодекси”, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Низом ва бошқа меъёрий ҳуқуқий  ҳужжатлар билан тартибга солиниб келинарди.                     

Бироқ, шиддат билан ривожланаётган давр мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни бугунги кун талабига мослаштиришни талаб этди. Қолаверса, ҳужжатлар таҳлили васийлик ва ҳомийликка муҳтож барча тоифадаги, айниқса, суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган, деб топилган шахслар ҳамда соғлиги туфайли васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларга нисбатан васийлик ва ҳомийликни амалга ошириш механизмларини янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатди.

Шунингдек, амалдаги қонунчиликка кўра, васийлик ва ҳомийлик бир ой муддат ичида тайинланиши, васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларни олдиндан жойлаштириш шакллари аниқ белгиланмагани уларнинг мулкий ва бошқа ҳуқуқлари бузилишига олиб келаётганди. Бундан ташқари, васийлик ёки ҳомийликка олишни истаган шахсларни саралаш, уларнинг педагогик-психологик ва ижтимоий тайёрлигини аниқлаш бўйича аниқ мезонлар мавжуд эмаслиги васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларнинг мослашишида муайян муаммоларни вужудга келтираётган эди.

Шу ва бошқа муаммоларни бартараф этиш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 2 январь куни имзоланган  «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг аҳамияти ҳақида сўз юритиш ўринлидир. Қонунга кўра, васийлик — ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаганларга, суд томонидан муомалага лаёқатсиз, деб топилган шахсларга таъминот, таълим-тарбия бериш, шунингдек, шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий шаклини ифодалайди. Ҳомийлик эса ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганларга, суд томонидан муомала лаёқати чекланган, деб топилган вояга етган шахсларга, шунингдек, вояга етган муомалага лаёқатли бўлса-да, соғлиги туфайли ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширолмайдиган шахсларга (уларнинг илтимосига кўра) таъминот, таълим-тарбия бериш, шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий шаклини билдиради.

Айниқса, қонунда ваколатли органлар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг ҳуқуқ, мажбурият ва жавобгарликларини, васийлик ва ҳомийликнинг самарали механизмларини белгилаш, уни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, васийлик ва ҳомийликка олинган шахсга тегишли мол-мулкни сақлаш ва бошқариш билан боғлиқ қоидаларни такомиллаштириш, васий ва ҳомийларнинг жавобгарликларини белгилаш каби муносабатларни тартибга солиш назарда тутилгани аҳамиятлидир. Қонунда васийлик ва ҳомийлик механизмлари халқаро меъёр ва замон талабларига мувофиқлаштирилган.

Шу билан бирга қонун жамият ва давлатнинг алоҳида қўллаб-қувватлашига эҳтиёжманд аҳоли манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга олиш, ифодалаш ва ҳимоя қилишга қаратилган. Унда асосий тушунчалар, давлат сиёсатининг йўналишлари, давлат органларининг васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги вазифалари ва ваколатларини белгилаб берувчи меъёрлар акс этиши, айниқса, ижтимоий адолат ғоясини илгари сураётган Ўзбекистон «Адолат» СДП  учун муҳим  аҳамият касб этади.

Чунончи, қонуннинг 19-моддасига кўра, васийлик ва ҳомийлик туман, шаҳар ҳокимининг қарори билан белгиланади. Васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахснинг яшаш жойи бўйича, агар шахс муайян яшаш жойига эга бўлмаса, васийнинг ёки ҳомийнинг яшаш жойи бўйича белгиланади. Ота-она яшаш жойида вақтинча бўлмаганда, агар бола улар томонидан олти ойдан ортиқ муддатга қариндошларининг ёки бошқа яқин кишиларнинг васийлигида ёки ҳомийлигида ва назорати остида қолдирилган бўлса, мазкур шахсларнинг болага нисбатан васийлиги ёки ҳомийлиги белгиланади. Қонунда белгиланишича, вояга етган фуқаролар фақат ўз розилигига кўра васий ёки ҳомий этиб тайинланиши мумкин. Туман, шаҳар ҳокими васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахснинг ёзма аризасига мувофиқ васий ёки ҳомийни  тайинлайди.

Шунингдек, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ёки ота-оналик ҳуқуқлари чекланган; суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган; собиқ фарзандликка олувчилар, агар фарзандликка олиш уларнинг ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги, ота-оналик ҳуқуқларини суистеъмол қилганлиги, фарзандликка олинганлар билан шафқатсиз муносабатда бўлганлиги, сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлганлиги оқибатида бекор қилинган; ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ёхуд ўз ҳуқуқларини суистеъмол қилганлиги учун васий ёки ҳомий мажбуриятларини бажаришдан четлаштирилган; қасддан содир этган жинояти учун илгари ҳукм қилинганлар мазкур қонунга мувофиқ васий ёки ҳомий этиб тайинланиши таъқиқланади. Қонунда васийлик ва ҳомийликни тугатиш, васий ва ҳомийни ўз мажбуриятларини бажаришдан озод қилиш ҳамда четлатиш, васийликдаги ва ҳомийликдаги шахсларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги назорат каби масалалар ҳам белгилаб берилган. Мухтасар айтганда, васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахслар, аввало, ёрдам ҳамда қўллаб-қувватлашга муҳтож кишилардир.

Бундай шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ келадиган қонун орқали ҳимоя қилиниши, васийлик ва ҳомийлик билан боғлиқ муносабатларнинг тизимлаштирилиши жамиятда ижтимоий адолат мустаҳкамланишида ўзига хос аҳамият касб этади.

Умуман олганда, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ва унинг ижросини таъминлаш  борасидаги саъи ҳаракатлар Ўзбекистон “Адолат”СДПнинг мақсад ҳамда вазифаларига ҳамоҳангдир. Мен партиянинг хайрихохи сифатида жамиятда қонун устувор бўлиши, барча жабҳада ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик бўлиши тарафдориман. Биз қураётган янги Ўзбекистонда партиямиз Сайловолди дастурида алоҳида қайд этилганидек,  ўта бойлар ҳам, ўта камбағаллар ҳам бўлмаслиги керак.

 

Паҳлавон НОРБОЕВ,
Фуқаролик ишлари бўйича

Қашқадарё вилоят суди судьяси ёрдамчиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+