Ватан бедарвоза эмас

03.05.2021 22:05:27

Ватанимизни эркинлик, имкониятлар тенглиги, адолатлилик, бирдамлик, ижтимоий ҳимоя ва масъулият тамойиллари ҳукмрон ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига эришиш тарафдоримиз.

Сўзимиз аввалида ушбу улуғвор ниятимиз ифодасидаги “масъулият” тушунчасига алоҳида тўхталиб ўтмоқчи эдик.

Ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз, интеграциялаш кучайган сари дунё торайиб бораётгандай. Айниқса, сайёрамизни ўргимчак тўридай ўраб олган интернет тармоғи халқлар, миллатлар ва элатларни яхлит, якранг, тўғрироғи, туссиз жисмга айлантиришга уринаётгандек, гўё. Бу жарёнда ўзингни, ўзлигингни сақлаб қолиш, миллат бўлиб, халқ бўлиб ривожланиш, юксакликларга эришиш ҳаммамиздан ва ҳар биримиздан катта масъулият талаб қилади. Бу қонунларга оғишмай амал қилиб яшаш масъулияти, тарих сабоқларидан хулоса чиқариш масъулияти, бугунги ва келажак авлодлар олдидаги масъулият, миллий тилни сақлаш масъулияти, миллий ғурурни авайлаб-асраш, фарзандлар қалбига сингдириш масъулияти...

Пойтахтимизнинг қоқ марказида, “Халқлар дўстлиги” саройи ёнида 1 май куни ўтказилган концерт маҳали кутилмаганда мустабид тузум даврининг қон рангидаги қип-қизил байроғи томошабинлар узра баланд кўтарилганини ижтимоий тармоқларда кўрдик. Биз жиззакилик ва дарҳол жазавага тушишга қаршимиз. Аммо зиммамиздаги масъулиятнинг улкан залворини ҳис қилган ҳолда, бу воқеликка жиддий муносабатда бўлишимиз, тегишли хулосалар чиқариб олишимиз ва ўз баҳойимизни беришимиз шарт.

Концерт худди атай қилингандай юртимизда карантин чоралари кучайтирилган кунда ўтказилмоқда. Суратга эътибор беринг-а, елкама-елка, юзма-юз, жипс турган минг-минглаб томошабинлар ниқобсиз. Ўз-ўзидан савол туғилади:бу тадбирга қайси муассаса рухсат берди? Қайси  ташкилот карантин қоидаларига риоя этилишини назорат қилмоқда? Мамлакатимизда карантин кучайтирилган илк кунда бундай катта оммавий тадбир ўтказилишига Ички ишлар вазирлиги рухсат берганми? Рухсат берган бўлса назорат масаласи, рухсат олишдаги талабларга риоя этилиши назорати қаерда қолди? Бундай улкан издиҳомнинг бир майдонга тўпланишдан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабари бормиди? Ахир мамлакатимизда, қолаверса бутун дунёда карантин қоидалари кучаяётган бир маҳалда, мактаблару, олий таълим муассасалари ва бошқа ижтимоий даргоҳлар карантинга чиқаётган бир даврда, касалликнинг тарқалишини олдини олиш бўйича бутун бошли ҳуқумат томонидан қайғурилаётган бир пайтда оламонни бир жойга тўплаб касалликнинг тарқатилишига нега тегишли идоралар йўл қўйиб берди?

Ахир сабоқ чиқариш учун мисоллар кам бўлдими? Бутун дунёдаги пандемик шароит оғриқлари, қурбонлар, мудҳиш дард асоратлари ҳамон ўз ҳукмини кўрсатаётган айни пайтда нега таваккалчиликка йўл қўйиляпти? Чет эллардаги зиддиятлар, хусусан, Ҳиндистон соғлиқни сақлаш тизимининг боши берк кўчага кириб қолгани, вирус жиловини йўқотгани огоҳлантириш вазифасини ўташи ўрнига одам тўплаб, бемаъни тадбирбозлик қилишни қандай изоҳлаш мумкин?

Кўчада битта одам ниқобсиз юрса Ички ишлар органлари ёки Миллий гвардия вакиллари зудлик билан ушбу шахс билан “шуғулланишади”ю аммо ниқобсиз оламонга ҳеч ким лом-лим демайди. Нега мамлакатимизда карантин қоидалари амал қилб турган бир пайтда Маданият вазирлиги “Халқлар дўстлиги” майдонида бундай “хоинлик” тадбири бўлиб ўтишига шароит яратиб берди? Алал-оқибат, йўл қўйилган хато учун кимдир жавоб берадими, йўқми?!

Агар тегишли идоралар эл-юрт олдидаги масъулиятн ҳис этиб ишлаганларида эди, бундай бемазагарчиликка аввал-бошдан йўл қўйилмаган бўларди.

Тан олиш керак, мазкур ҳодиса биз учун ўзига хос “сигнал”, яна бир бор огоҳликка чорлов вазифасини ўтади.

“Адолат” социал-демократик партияси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигидан ушбу “қизил” байроқ кўтариш орқали карантин қоидаларига риоя этмасдан “маданиятсиз” тадбирга нисбатан ўз муносабатларини зудлик билан билдиришини талаб қиламиз. Бу тадбир кўплаб ахолимизнинг, мустақил давлатимиз фуқароларининг қалбига озор етказди!!!

Ҳушёр бўлайлик, партиядошлар, ватандошлар. Бугун айримларга шунчаки “ўйин” бўлиб кўринаётган воқелик бора-бора ўт чиқариши ҳам мумкин. Ҳаммаси ўз қўлимизда. Азиз Ватанимиз, эркинлик, озодлик қаршисидаги фуқаролик бурчимиз ва масъулиятимизни унутмайлик. Ана шунда бу сингари кутилмаган нохушликларнинг олдини олган бўламиз. Биз халқмиз, биз кўпчиликмиз. Кўпдан эса қуён қочиб қутилолмайди. Бир-икки “ўйинбузар”лар-ку, инчунин...

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+