Ватан келажаги ёшлар қўлида

28.11.2023 16:11:22

Бугун мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган шароит ва имкониятлар кўлами чегара билмайди. Мустақил фикрлайдиган, замонавий илм-фан ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, ўз юрти ва халқига фидойи, аждодларимиз бошлаб берган ишни давом эттиришга қодир бўлган, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни енгиб бўладими, деган саволни олдимизга қўйсак, албатта, йўқ, деб жавоб бера оламиз. Чунки ўз мақсадларига етишда дадил ва доим янгилик сари интилувчи ёшлар бизнинг фахримиз ва ғуруримиздир. Улар бизга куч беради, ифтихор бағишлайди.

Албатта, бугун катта умид, орзу-мақсадлар билан Ватаним тараққиётига ҳисса қўшаман, дея белини маҳкам боғлаб майдонга чиқаётган шижоатли ёшларимизни қўллаб-қувватлаш барчамизнинг бурчимиздир. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ёш авлодни мамлакатимиз келажагининг ҳал қилувчи кучи деб билади. Шу сабабли ёшларни ҳар томонлама етук шахс бўлиб камол топишларига кўмаклашиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келади. Бу йўлда энг аввало Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини ёшлар ўртасида кенг тарғиб этишга, улар ўртасида турли танловлар ташкил этиб, уларни ҳуқуқий саводхонлик сари ундашга бел боғлаган. Қувонарлиси “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ҳар йили ўтказиб келинаётган “Конституция билимдони” республика кўрик-танлови ўтган даврда эришилган бой тажриба ва бугунги кундаги ижобий самараси билан кўплаб ёшларнинг катта қизиқиши ва эътирофига сабаб бўлмоқда.
Куни кеча Самарқанд шаҳридаги олимпия захиралари мактабининг фаоллар залида “Конституция билимдони” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Кўрик-танловда вилоят Адлия бўлими, вилоят Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бўлими, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят бўлими, вилоятнинг шаҳар ва туман босқичларида биринчиликни қўлга киритган ўқувчилар, оммавий ахборот воситалари қатнашдилар.

Тадбирни партия Вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Асқар Холиқов кириш сўзи билан очиб, яқинлашиб келаётган Конституция байрами билан барчани табриклади. Тадбирда ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ эканлиги, шу маънода, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланиши қайд этилди. Конституциямизнинг мазмун-моҳиятини англаш, унинг аҳамиятини тушуниш ҳар бир инсон учун ниҳоятда муҳимлигини таъкидлади. Танлов орқали кўплаб билимли, қобилиятли ҳамда изланувчан ёшларни аниқланиши айтилди. Шу билан бирга барча иштирокчи ўқувчиларга омадлар тилаб, тадбирни очиқ деб эълон қилди. Танлов белгиланган низом асосида 3-босқичда ташкил этилди. Бўлиб ўтган танловда 1-шарт таништирув шарти, 2 — шарт – Ўзбекистон Республикаси Конституциясини билиш даражаси ва “Сиёсий партиялар” тўғрисида савол-жавоб, 3 – шарт – эркин мавзу деб номланиб, бу шартда иштирокчи томонидан “Адолат” социал-демократик партияси менинг тасаввуримда” мавзусида ижодий иш тайёрлаш каби йўналишлар асосида ўқувчилар ўзаро беллашдилар. Қолаверса, тадбирда иштирокчи ўқувчиларнинг саҳна маданияти, нотиқлик маҳорати ҳамда ижодий қобилиятлари ҳам алоҳида эътиборга олинди.

Тадбирда ҳакамлар ҳайъати ўқувчиларнинг чиқишларини очиқ, ошкора овоз бериш йўли билан одилона баҳолаб бордилар. Партия томонидан ўтказилган кўрик-танлов жараёнлари юқори савияда ташкил этилиб, қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди. Иштирокчилар чиқишларини якунлагандан сўнг ҳакамлар ҳайъати томонидан ўрганиб чиқилиб, тадбир сўнгида хулоса ва изоҳлар берилди. Қизғин музокаралардан сўнг Самарқанд шаҳридаги юридик техникумнинг 2 босқич ўқувчиси Улуғбек Собиров биринчиликни олиб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Улуғбек Собиров, танлов иштирокчиси — Кўрик-танлов ўз устимда янада кучлироқ ишлашимга, партия сайловолди дастури билан яқиндан танишишимга, Конституциямиз ва бошқа ҳужжатлар тўғрисидаги билимларимни мустаҳкамлашга имконият яратди. Танлов жараёнида дўстлар орттирдим. Ўз истеъдодимга бўлган ишончим янада ортди. Изланишимни янада давом қилиб, танловнинг Республика босқичида ҳам нуфузли ўринни қўлга киритишга ҳаракат қиламан.

Бир сўз билан айтганда, ислоҳотлар ва ўзгаришлар даврида – ёшларга, уларнинг ўзини намоён қилишига катта имкониятлар яратиб берилмоқда. Лекин, бу имконият – қачон улкан салоҳиятга, мислсиз қудратга айланади – қачонки бизнинг ёшлар қатъият билан ҳаракат қилганда, қунт билан ўқиб-ўрганганда, Она ватан ва халқи олдидаги масъулиятни юракдан ҳис қилиб, шунга муносиб бўлишга интилганда. Аҳамиятлиси, танлов жараёнларида ёшларнинг ёни турган кўзларига қараб амин бўлдикки, партия томонидан ташкил этилаётган бу каби тадбир ва кўрик-танловлар янги Ўзбекистонимизни билимли ва ватанпарвар ёшлар билан бирга қуришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Тадбир сўнгида ғолиб ва совриндорларга хамда иштирок этган ўқувчи ёшларнинг ўқитувчисига партиянинг фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

 

Асқар Холиқов,
“Адолат” СДП
Самарқанд вилоят Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+