Ватан келажаги ёшлар қўлида

11.12.2023 16:12:06

 Баркамол авлод юрт таянчи. Келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодни ҳар томонлама мукаммал даражада вояга етказиш, маънавий-маърифий жиҳатдан камол топтириш, касбу ҳунарда юксалтириш, сиёсий саводхонлигини ошириш давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан биридир. Мана шундай эзгу мақсад йўлида бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар кўлами кенг, истиқболли режа, лойиҳа ва ташаббуслар талайгина.

“Адолат” СДП томонидан “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Конституция билимдони” кўрик-танловини ҳам ёш авлодни мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган, эл-юрт хизматига камарбаста инсонлар этиб камол топтиришни мақсад қилган истиқболли лойиҳалардан бири сифатида эътироф этишимиз мумкин. Ўтган давр мобайнида орттирилган бой тажриба ва бугунги куннинг самарали сарҳисобига таянган ҳолда “Конституция билимдони” кўрик-танлови мамлакатимиз ёшларининг катта қизиқиши ва эътиборига сазовор бўлаётганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бу эса ўз навбатида партиянинг жамиятда танилувчанлигини ошириш билан бир қаторда ёшларимиз орасида сиёсий-ҳуқуқий саводхонликка бўлган қизиқишнинг тобора ортиб бораётганидан далолат беради. Ҳуқуқий савияни ўстиришдаги энг асосий қўлланма эса бу, албатта, Бош қомусимиз, давлатимиз Конституциясидир.


Ўзбекистон Респуб­ликаси Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги арафасида Тошкент давлат юридик университетида ташкил этилган “Конституция билимдони” кўрик-танловининг республика босқичи жорий йил 30 апрелда бўлиб ўтган Умумхалқ референдумида халқимизнинг хоҳиш-иро­даси билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Бош қомусимиз тарғиботига бағишланганлиги билан янада аҳамиятлидир.


Ёш авлодни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва барча қонунларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини янада юксалтиришни мақсад қилган мазкур тадбирда партия Сиёсий Кенгаши раҳбарияти ва аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳамкор ташкилотлар, “Ёш адолатчилар” қаноти ҳамда “Ёшлар парламенти” вакиллари, фаоллар, ОАВ ходимлари ҳамда кўрик-танловнинг Қорақалпоғис­тон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари иштирок этишди.


Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси садолари остида бошланган тадбирда сўз олганлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституция­сини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига ало­ҳида тўхталиниб, Конс­титуция, ундаги нормаларнинг мазмун-моҳияти, қолаверса, Асосий қонунимиздаги ёшларга оид масалалар ҳамда келгусида ушбу муҳим ҳужжатнинг ижроси натижасида эришиладиган ютуқлар, мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан маълумотлар берилди.


Шундан сўнг Қорақалпоғистон Респуб­ликаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари ўртасида қизғин баҳслар бошланди. Ушбу жараён кўрик-танловнинг республика босқичига ҳудудлардан мамлакатимизнинг энг иқтидорли, ҳуқуқий-сиёсий билими ва тафаккури кенг, илғор ёшлари етиб келганлигини яққол намоён этди.


– Танловнинг якуний республика босқичига етиб келгунча бўлган вақт давомида иштирок этган минглаб ўқувчи ёшлар ўзларининг янги таҳрирдаги Конституциямиз борасидаги билимларини бойитиб, эгаллаган кўникмалари асосида бош қомусимиз борасида янада кенгроқ тушунчаларга эга бўлишди. Бу лойиҳа ёшларнинг хуқуқий саводхонлигини ошириш билан бир қаторда, жамиятимизда янги таҳрирдаги Конституция тарғибот ва ташвиқот ишларига қаратилган жуда катта самарали амалиётлардан бири бўлди деб айта оламиз, – дейди “Адолат” СДП Марказий аппарати аёллар ва ёшлар бўлими бошқарма бошлиғи Гулнисо Саидова.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунда партия аъзоларининг умумий сони ярим миллион нафардан ортиқни ташкил этиб, шундан аксар қисмини ёшлар ташкил этмоқда. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузурида ташкил этилган “Ёшлар парламенти” аъзоларининг 24 нафари партиямиздан сайланган ёшлардан иборат.


Албатта, бу каби ижобий кўрсаткичларни партия томонидан ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда аниқ мақсадларни кўзлаган ҳолда, босқичма-босқич, комплекс чора-тадбирларга асосланган ҳолда тизимли амалга оширилаётгани билан боғлаш мумкин.


Қолаверса, “Адолат” СДП ёшларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини, фаоллигини кучайтириш, уларнинг сиёсий, ҳуқуқий, тиббий, экологик маданиятини юксалтириш, шунингдек, партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида ўнга яқин лойиҳаларни доимий тарзда амалга ошириб келмоқда. Шу боисдан бугун партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган кўрик-танловлар, турли хил тадбир ва мусобақалар эртамиз эгаларининг эъти­бор марказида бўлиб келмоқда.


– Танловнинг республика босқичига етиб келгунимга қадар туман ва вилоят босқичларидаги иштироким давомида ҳуқуқий саводхонлигимни ошириш билан бир қаторда, нутқ маданиятини шакллантириш, қолаверса, катта аудитория қаршисида дадил тура олиш кўникмаларига ҳам эга бўлдим. Бу эса келгусидаги мақсадларим йўлида менга қимматли тажриба мактаби вазифасини ўташига ишонаман, – дейди Бухоро вилояти иштирокчиси Севинч Каримова.

Танловнинг якуний босқичида мамлакатимизнинг барча туман, шаҳар ва ҳудудий босқичларида иштирок этган 2005 нафарга яқин ёшлар орасидан адолатлилик, очиқлик, ошкоралик, рақобат мезонлари асосида саралаб олинган энг кучли иштирокчилар респуб­лика босқичига етиб келдилар.


Мазкур босқичда Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекис­тон Рес­публикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекис­тон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг масъулларидан иборат ҳакамлар ҳайъати ҳар бир иштирокчининг белгиланган шартлар бўйича чиқишларини талабчанлик билан, одил ва холис баҳолаб бордилар.


Иштирокчилар танлов низомига кўра таништирув, савол-жавоб ва эркин мавзу деб номланган учта шарт бўйи­ча ўз чиқишларида давлатчилигимиз ва қонунчилигимизнинг асоси бўлган Конституциямизни қанчалик билиши ва қонунларимиздан хабардорлиги, қолаверса, саҳна ва нотиқлик маданияти борасидаги маҳоратини намоён этишга астойдил ҳаракат қилдилар.


Танловнинг якуний натижаларига кўра, Фарғона вилоятидан Сабринабону Неъма­това 1-ўринга, Андижон вилоятидан Мадинабону Жўрабоева 2-ўринга, Сирдарё вилоятидан Суннатулло Маъмур­жонов ҳамда Хоразм вилоятидан Дилрабо Эгамова фахрли 3-ўринга сазовор бўлишди.
– Танлов давомида ҳар бир иштирокчининг чуқур билимга эга эканлигига гувоҳ бўлдик. Бир сўз билан айт­ганда, бугунги танлов чин маънода кучлилар баҳси бўлди. Кучлилар ўртасидаги муросасиз кечган беллашув давомида ўз кучимга бўлган ишончимни ошириш билан бир қаторда рақибларим имкониятларига тўғри баҳо бериш, камчиликларидан тўғри хулоса чиқариш кўникмаларига эга бўлдим. Бу каби танловларнинг янада кўпроқ ўтказилиши ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш билан бир қаторда, жамиятда ёшлар орасида турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилишига ишонаман, – дейди кўрик-танловнинг 1-ўрин соҳибаси Саб­рина­бону Неъматова.


Танлов сўнггида ғолибларга партия Сиёсий Кенгашининг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди. Шунингдек, кўрик-танловнинг бошқа иштирокчилари ҳам партиянинг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Мухтасар айтганда, “Конституция билимдони” кўрик-танловининг бу йилги Респуб­лика босқичи ҳам юқори савияда, ўзгача руҳда ўтди ҳамда ушбу жараёнда мамлакатимизнинг энг иқтидорли, ҳуқуқий-сиёсий билим ва тафаккури кенг, илғор ёшлари аниқланди.

Кўрик-танловнинг барча иштирокчилари келгусида Олий таълим муассасаларининг энг намунали талабалари сафидан ўрин олиб, ўз билим ва салоҳиятини ривожлантириш орқали Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига ҳисса қўшувчи комил инсонлар бўлиб етишишларига ишонамиз ва ушбу шарафли вазифада уларга муваффақиятлар тилаб қоламиз.

“Адолат” СДП Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+