Ватан тақдири учун масъулиятни ҳис қилмоқ зарур

15.04.2021 15:04:26

Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши менда ўзгача таассурот қолдирди.

Йиғилишда Президентимиз томонидан биз ёшларни қўллаб-қувватлаш юзасидан бир қатор имкониятлар, имтиёзларга эга бўлган қарорлар қабул қилинди. Жумладан, 20 мингдан ортиқ Тиббиёт билим юртини тугатган ёшларни қўшимча равишда ишга жойлаштириш масаласи кун тартибига қўйилди.

Ёшлар тадбиркорлиги ва бандлигини янада кенг қўллаб-қувватлаш, уларни спорт, маданият ва санъатга қизиқтириш, талабаларнинг яшаш шароитларини яхшилаш чоралари белгилаб берилди.

Видеоселектор йиғилишида ёшларнинг бандлиги ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича муҳим ташаббуслар, қарорлар белгиланди.

Асосийлардан бири, айни кунда долзарб бўлган мамлакатимизда талабалар ётоқхоналарини қуриш учун 4,4 триллион сўм маблағ ажратилиши, ижара пулининг 50 фоизи эса давлат томонидан қоплаб берилиши таъкидланди.

- 1-июндан “ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари бюджетдан тўлаб берилади – деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда яна бир муҳим вазифалардан бири, жиноятчиликни, айниқса, ёшлар ўртасидаги жиноятчиликни олдини олиш юзасидан ишларни жадаллаштириш бўйича аниқ топшириқлар юклатилди. Зеро, ёшларнинг муаммоларини зудлик билан ечиш, уларни турли ёт оқимлардан асраш вазифаси кун тартибидаги асосий вазифалардандир.

Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларимизнинг бандлигига қаратилган янги ташаббуслар илгари сурилди. Булар қаторида хусусий сектор вакилларини ёшларни ишга қизиқтириш механизми бўлиб, тадбиркор ёш мутахассисларни корхонасига ишга қабул қилишда манфаатдор бўлишидир. Бундан ташқари корхона ёки ташкилотнинг 70 фоиз ходимлари ёшлардан ташкил топган бўлса, бу тадбиркорларга давлат мулки ҳисобланган жой, ер, мулк аукционсиз берилиши ва беш йил давомида уларга имтиёзлар берилиши белгиланди. Бундан ташқари, хусусий сектордаги тадбиркорлар, катта- катта корхона раҳбарлари ёш мутахассисларни ишга жалб қилишда рағбатлантирилиши ҳам айтиб ўтилди.   

Шунингдек, талаба ёшларга ҳақ тўланадиган амалиёт орқали ўртача 500 минг сўм миқдорида ойлик билан таъминлаш белгиланиши бизни қувонтирди. Бу механизм орқали талабалар эгаллайдиган касби, мутахассислиги бўйича тажриба орттиради ва ўша соҳа бўйича эртага муносиб иш топиб кетиши учун мазкур  имтиёз яхши шароит ҳисобланади.  

Бундан ташқари ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун энди барча соҳа вакиллари томонидан йирик календарь режа асосида ҳар бир маҳаллада, ҳар бир таълим муассасасида танловлар, фестиваллар ўтказилиши режалаштирилади.

Бу каби тизимли ишларнинг амалга ошиши ёшлар сиёсатида ҳақиқий туб бурилиш бўлди, десам адашмайман. Биз ёшлар нафақат мана шу  имкониятлардан фойдаланиш, балки бунга жавобан масъулиятли бўлиб,  муқаддас Ватанимиз тақдири учун, келажагимиз учун, жамиятимиз ривожи учун ҳар биримиз ўз бурчимизни ҳис қилиб ўз устимизда ишлашимиз ва фаровон ҳаёт учун ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз зарурдир.

Сардор ОЧИЛОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят “Ёш адолатчилар қаноти” Кенгаши раиси, Ёшлар Парламенти аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+