Ватаннинг чин фидокорлари

11.05.2021 12:05:32

Жаҳон миқёсида иккинчи жаҳон уруши мисли кўрилмаган катта йўқотишларга сабаб бўлди. У бутун инсоният бошига ўта оғир, инсон ақлига сиғмайдиган даражадаги жудоликларни солди. Бу уруш фашистлар Германияси қўшинларининг 1939-йил 1-сентябрь куни Польшага бостириб кириши билан бошланди. Улуғ Ватан уруши Ер шари аҳолисининг 80 фоизини, 61 мамлакатини, яъни 1,7 миллиард кишининг ёстиғини қуритди. Шу жумладан ўзбек халқи ҳам уруш гирдобига тортилди. Ўзбек халқининг бошига ўта оғир синовлар тушди. Уруш бошланганлиги тўғрисидаги шум хабар етиб келган куниданоқ, Ўзбекистоннинг барча шаҳарлари, туманлари, корхона ва муассасаларида митинглар, йиғилишлар бўлиб ўтди. Ишчилар, хизматчилар, деҳқонлар, зиёлилар, талаба ёшлар ўз Ватанларини ҳимоя қилишга, юзма-юз жангларда босқинчиларни тор-мор этиш учун урушга боришга, ғалабаларни таъминлаш учун фронт орқасида фидокорона меҳнат қилишга тайёр эканликларини билдирганлар. Улуғ Ватан уруши ғалабасининг 76 йиллиги муносабати билан Республикамиз бўйлаб бир қанча эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Улуғ Ватан уруши қатнашчиларини йўқлаш ва уларга мурувват кўрсатиш халқимизнинг ўзига хос олийжаноб фазилатларидан биридир. Ўзбекистон миллий телерадио компаниясида Ўзбекистон тарихи каналининг очилиши ва бу каналда катағон қурбонларини ҳамда улуғ Ватан уруши қатнашчиларининг жасоратларини кенг ёритилиши, аждодларимиз ва ота-боболаримизнинг мардликлари ҳақидаги фикрларимизни янада кўпроқ бойитди.         

Биз… Абдулла Қодирий, Усмон Носир, Чўлпон ва Фитрат каби буюк адибларимиз ва уларнинг ҳаёт йўллари билан етарли даражада таниш эмасдик. Улуғ Ватан урушида тинчлик учун курашиб қурбон бўлган неча минг ватанпарвар инсонларнинг фарзандларига ўз уйидан жой берган, кўнгли очиқ ўзбек халқининг тантилигини Шоаҳмад Шорасулов ва Баҳри Акрамовалар тимсолида кўришимиз мумкин. Ўзбекистонлик қаҳрамон жангчиларимиз Мамадали Топиболдиев, Абдулла Қурбонов ва Аҳмаджон Шукуров сингари юртдошларимизни сўнгги пайтларда унута ёзган эдик. Бу эса ўта ачинарли ҳол эмасми? Йўқса, 1945-йил 8-майда Германия давлатининг сўзсиз таслим бўлиш тўғрисидаги актни ўзбек учувчиси Абдусамад Тайметовнинг Москва шаҳрига олиб келганлигини шахсан юртбошимиз Ш. Мирзиёев эслатганликларига қандай изоҳ бериш мумкин? “Орёл” дивизияси фахрий номини олган бешинчи ўқчи дивизия таркибида Фарғоналик Аҳмаджон Шукуров ҳам бор эди. Золотарявка қишлоғини душмандан тортиб олиш топшириғини у аъло даражада бажарди. Аҳмаджон Шукуров Золотарявка қишлоғидаги душманларни тор-мор этишда мисли кўрилмаган даражада жасорат кўрсатди. Унинг бу кўрсатган жасорати муносиб баҳоланиб, унга “Қахрамон” унвони берилди ва Золотарявка қишлоғи унинг номи билан Шукуровка деб аталди. Улуғ Ватан уруши қатнашчиларини оммавий ахборот воситаларида кенг тарғиб қилиш, хотирлаш мени ҳам беҳад қувонтирди. Ана шундай фидоий қаҳрамонларимиз сафида севимли бобожоним ва тоғам борлигидан фахрланаман. Улуғ Ватан уруши қатнашчилари тобора камайиб бораётган бир пайтда улар ҳақида мақола эълон қилиш, уларнинг номларини абадийлаштириб, суратлари билан тўлдирилган музейларни ташкил этиш, жасоратлари акс эттирилган кино фильмлар яратиш биз авлодларнинг фарзандлик бурчимиздир. Шу боис бобом ва тоғам тўғрисида бироз тўхталмоқчиман. Бобом Холмуродов Хидир ва тоғам Хидиров Шукурулло фронтда қон кечиб, немис ва фашист босқинчиларига қарши фидокорона курашиб, тинчлик учун Германия устидан қозонилган ғалабадаги жасоратлари учун (1941-1945) бир неча орден ва медаллар билан мукофотланганлар.

 

Холмуродов Хидир ота 1905-йилда туғилган. У Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳридаги “Чармгар” маҳалласи “Социалистическaя” кўчаси 25-уйда турмуш ўртоғи Хидирова Қўйсиной ая (1905йил таваллуд топган) билан яшаганлар. Улар тўрт фарзанднинг ота - онаси бўлишган. Ўғиллари Хидиров Шукурулло 1925-йилда туғилган. 1931-йилда Низомиддин, 1943 – йилда Марзия, 1946- йилда эса Фазилатхон дунёга келган.

Даҳшатли уруш бошланиб, сафарбарлик эълон қилинганда, бу бахтли оиладан икки киши, яъни бобом ва ўғли Хидиров Шукурулло (1941-йилда) фронтга жўнаб кетишган. Улар ҳам бошқа юртдошларимиз сингари  тинчлик учун жангларда мардонавор курашдилар. Она заминимизни бир қарич тупроғини сақлаш учун ўлимга ҳам тик бориб, душманлар билан қонли тўқнашувларда жанг қилдилар. 1945-йилда ярадор ҳолда ота бола уйга ғалаба билан қайтди. Кейинги йилларда эса Хидир ота республикамизнинг меҳнат фронтида бир неча йил фаолият кўрсатди. Хидир ота 1955-йил август ойида вафот этди. Ўғиллари Шукурулло эса 1945-йилдан вилоятимизнинг бир қанча ташкилотларида раҳбарлик лавозимида ишлаган. 1948-йилда “Чармгар” маҳалласидаги маданият уйида директорлик вазифасида ишлади. Роҳатой Маннонова, Фароғат Рахматова, Фахриддин Умаров каби эл ардоғидаги санъаткорлар А. Навоий номли мусиқали театрга ижодий сафарлари чоғида журналист Шукурулло Хидиров хонадонида меҳмон бўлиб, ижодий фаолиятлари юзасидан фикр алмашганлар.

 

1955-йилдан бошлаб Қарши туманидаги босмахонада бош муҳаррир бўлиб фаолият олиб борган Шукурулло Хидиров улуғ Ватан урушидан кейинги халқимизнинг машаққатли меҳнат фаолияти ёритилган мақолалар, шеърлар акс этган газеталарнинг чоп этилишида бош-қош бўлди. У киши ўз касбини севувчи қатиятли, адолатли журналист бўлган. Газетада танқидий воқеаларни рўй-рост танқид остига олиб, ҳаётдаги реал воқеа-ҳодисаларни батафсил ёритганлиги туфайли оиласи билан бир қатор қийинчилик ва зиддиятларга учраган. 1964-йил «Китобсевар»лар жамиятида директорлик вазифасида ишлаган. Иш жараёни муносабати билан бошқа вилоятларга жумладан Тошкент, Сурхондарё ва Хоразмда кўплаб сафарларда бўлганлар.

 

Суратда тоғам ва ўртоқлари акс эттирилган расм оналарига эсдаликка юборилган… Сурат орқасида “Онажоним ўғлингиздан Сизга эсдалик суратда тик турган ўртоғим Хоразмдан, менинг ёнимда ёнма-ён ўтиргани Сурхондарёлик” деб ёзиб қўйилган. Тоғам доимо фахр билан шундай дердилар: “Жияним Зулфияхон, сизни исмингизни ўзим қўйганман. Журналистлик фаолиятим чоғида Тошкентга сафар қилганимда Зулфияхоним Исроилова билан учрашган эдим. Шоирага ҳавас қилган ҳолда, Сизни ҳам шоира бўлиб етишишингизни орзу қилганман.”

Улуғ Ватан уруши қатнашчиси, эл ардоғидаги журналист, суд маслаҳатчиси Хидиров Шукурулло 1996-йил февраль ойида вафот этди. Юрт тинчлиги учун жон фидо қилган шу каби инсонлар жасорати туфайли биз ҳозирги кунда тўқ ва фаровон кун кечирмоқдамиз. Уларнинг ибратли ҳаёт йўли бизга тинчлик деган олий неъматнинг қадрига етишни ўргатади.  Зеро, тинчлик бу муқаддас неъматдир.   

                          Зулфия КИЯМОВА,

«Меҳнат шуҳрати» ордени соҳибаси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+