Ватанпарварлик ҳисларини жўш урдирган шоир

14.12.2020 16:12:36

Одамзот ва унинг ҳаёти дахлсизлиги ҳамиша Ер юзидаги асосий масала бўлиб келган. Дунёда яратилган барча қулайликлар ҳам аслида инсон манфаатига қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бироқ 2020 йил тараққиёт  билан бирга инсон учун жуда кўп салбий оқибатларни олиб келди. Бу коронавирус муаммосидир. Шундай бўлсада, мустақил Ўзбекистон халқи Президентимиз бошчилигида бу офатни ҳамжиҳатлик билан енгиб ўтишяпти. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев барча соҳалар қатори  адабиётга  ҳам катта эътибор билан қараётганликлари, айниқса, куни кеча “Ўзбекистон қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорни қабул қилганлари барча қатори вилоятимиз жамоатчилигини чексиз хушнуд этди.

Қарорни оммавий ахборот воситалари орқали ўқиб, осмон баробар қувондим. Бу нафақат содда ва камтарин ижодкорга балки воҳамизда ижод қилиб келаётган барча шоирларга, шеърият ихлосмандларига бўлган юксак эҳтиром намунасидир. Қашқа воҳасининг Косон туманида таваллуд топиб, қисқа умр кўрган бўлсада, Абдулла Орипов ўзидан сўнмас назмий боғ қолдирди. Унинг ўқиганда қалбларни жунбушга келтирувчи жарангдор чақириқлари, самимий ва халқона шеърлари минглаб мухлислар қалбидан жой эгаллади.

Қарорга асосан, шоирнинг Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олижаноб инсоний фазилатларини мадҳ этган етук бадиий асарлари, сермазмун ҳаёти ва ижтимоий фаолиятининг халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлоб тарбиясидаги беқиёс ўрни  ҳамда таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан 2020 йил март ойида Ўзбекистон Халқаро анжуманлар саройида Абдулла Орипов хотирасига бағишланган адабий-бадиий хотира кечаси ўтказилади. Унинг “Танланган асарлари”  кўпгина тилларга таржима қилинади. “Абдулла Орипов замондошлари хотирасида” китоби чоп этилади. Абдулла Орипов ижодий меросига бағишлаб  халқаро илмий–назарий конференция ўтказилади. Шунингдек, шоир ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш, унинг асарлари асосида спектакллар саҳналаштириш ва бошқа бир қатор ташкилий ишлар режалаштирилган. Жумладан, воҳамизда ҳам шоир ижодига бағишланган учрашувлар, давра суҳбатлари, китобхонлик ва шеърият кечалари ташкил этиш мўлжалланган.

Айни пайтда вилоятда 40 минг нафардан ортиқ Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси аъзолари фаолият олиб боришяпти. Биз Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси муаллифи, атоқли шоир Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини муносиб нишонлаш ва хотирасини абадийлаштириш учун вилоятимизда белгиланган барча ташкилий тадбирларда фаол иштирок этамиз.

“Мен нечун севаман Ўзбекистонни?”. Бундай сатрларни эшитган ҳар қандай кишининг қалбида ватанпарварлик ҳислари жўш уриши тайин. Демак, халқ юрагига, кўнглига йўл топа олган Абдулла Ориповнинг номи мангу яшайди.

                                                                  Руиддин РАУПОВ,

                                     Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят

                                     Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши

                                     депутати

                                

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+