Вилоят онкологияси муаммолари ўрганилди

28.06.2021 18:06:38

Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси вилоят Кенгаши ҳамда партиянинг Термиз шаҳар Кенгаши депутатлари билан ҳамкорликда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сурхондарё филиалида  ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганишлар жараёнида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, муайян камчилик ва муаммолар ҳам мавжудлиги аниқланди. Хусусан, фуқароларга ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда шароит яратиш масаласига марказ томонидан етарли эътибор қаратилмаган.

Марказ томонидан шу кунгача беморларни масофадан шифокор қабулига ёзиш имконияти яратилмаган. Марказда навбатни бошқариш бўйича ҳеч қандай тизим ўрнатилмаган, “электрон навбат”, масофадан навбатни банд қилиб қўйиш имкони йўқ.

Марказнинг амалда ишлаб турган поликлиникасида эса, зарур ахборот инфратузилмаси яратилмаган. Масъул шифокорларнинг хоналари локал тармоққа уланмаган, мавжуд компьютер воситалари ва улардаги дастурий маҳсулотлар маънан эскирган, хизмат компьютерларининг бирортасида ҳам лицензия асосидаги операцион тизим ва дастурлар ўрнатилмаган.

Филиалда болалар бўлими мавжуд эмас. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-5130 сонли қорори ижросини таъминлаш, болаларда “Онкогематология” хизматини яхшилаш учун вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази таркибида янги қурилаётган бино тасарруфига киритиш режалаштирилган. Айни пайтда бемор болажонлар Республика ихтисослаштирилган марказда ордерлар асосида даволаниб келмоқда. Ушбу бинода 20 ўринли бирлашган болалар “Онкогематология” бўлими (маркази) қурилиш ишлари томомлангандан сўнг филиалдаги болалар бўлимини ташкил этиш режалаштирилган.

Ўрганишлар давомида марказдаги мавжуд 7 та компьютернинг аксарияти носоз ҳолда бўлгани сабабли шифокорлар ўз эҳтиёжлари учун олиб келган шахсий компьютерлардан фойдаланиб келаётгани ҳолатлари ҳам аниқланди.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, депутатлар марказ фаолияти бўйича ўзларининг жиддий эътирозларини билдириб ўтдилар. Жумладан, депутатлар томонидан вилоятдаги Онкология маркази ва бошқа тиббий муассасалар ўртасида локал тармоқ йўқлиги, фуқаролар учун электрон навбатнинг ташкил этилмагани, беморлар билан навбат асосида ишлашда тизимли ёндашув шакллантирилмагани хусусида эътирозлар келтириб ўтилди. Шу билан биргаликда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ишларни янада такомиллаштириш ҳамда тизимда учраётган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар билдирилди.

Депутатлар ўрганишлари давом этади.

 

Фахриддин ОРИФХОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши мафкуравий ишлар бўйича раис ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+