Виждон эркинлиги инсоннинг асосий шахсий ҳуқуқидир

19.07.2021 11:07:15

Виждон эркинлиги — ижтимоий-фалсафий тушунча бўлиб, ҳар кимнинг ўз эътиқодига кўра, мазкур жамиятда мавжуд ижтимоий меъёрларни бузмаган ҳолда виждони буюргани бўйича яшаш, ишлаш имконияти ҳисобланади. Юридик нуқтаи назардан олиб қаралганда виждон эркинлиги инсоннинг асосий шахсий ҳуқуқларидан ҳисобланади, шу билан бирга, виждон эркинлиги демократик эркинликлардан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга” (31-модда), диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди. 

5 июль куни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун (янги таҳрири)ни имзоланди. Қонуннинг имзоланишидан мақсад виждон эркинлиги кафолатларини кучайтириш, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини таъминлашнинг қонуний механизмларини мустаҳкамлаш, шунингдек, давлатнинг дин ишлари бўйича сиёсатини такомиллаштиришдан иборатдир. Айни вақтда янги таҳрирдаги қонунда таъкидланишича, ҳеч бир динга ёки диний эътиқодга нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига  йўл  қўйилмаслиги  белгилаб қўйилган.

Янги қонун лойиҳасида аҳолини қийнаб келаётган муаммолардан бири – фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги чеклов олиб ташланган. Бундан ташқари, диний таълим муассасаларида диний таълим берувчиларга марказий органнинг алоҳида розилигини олиш талаби, диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун нотариал тасдиқланган ҳужжатларни тақдим этиш тартиби жорий қилинган. Бу эса инсонларни ўз хизмат вазифаларига виждонан ёндошишларига, хоҳлаган динига эътиқод қилишларига кўмак беради, деб ўйлайман.

                                                                                                           Дилрабо  ЙЎЛДОШЕВА,

                                                                                                   Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                              Хоразм вилоят Кенгаши мутахассиси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+