“Вобкент тарихи: Ўтмишдан бугунгача”

30.04.2022 19:04:57

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши партиянинг Бухоро вилоят Кенгаши ҳамда Вобкент туман ҳокимлиги ҳамкорлиги билан Вобкент туман ҳокимлиги мажлислар залида “Вобкент тарихи: Ўтмишдан бугунгача” мавзусидаги республика илмий-амалий конференция ҳамда “Ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш масалалари” мавзусидаги  конференция бўлиб ўтди.

Илмий анжуманда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Вице президенти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаш раиси Баҳром Абдуҳалимов Абдураҳимович, Марказий аппарат масъул ходимлари, партия вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов Амонович, вилоят Кенгаши аъзолари ва фаоллари, ОМҚП депутатлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, олий-таълим муассасалари профессорлари, Республика “Нуроний” жамғармасининг Бухоро вилоят бўлими вакиллари,  Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими вакиллари, кенг жамоатчилик, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Конференцияда Сиёсий Кенгаш раиси Баҳром Абдуҳалимов Абдураҳимович сўзга чиқиб, тадбирни кириш сўзи билан очиб берди. Таъкидланганидек, Вобкент тумани Шарқни Ғарб билан боғлаб турган Буюк ипак йўлининг устида жойлашган бўлиб, унинг ҳудудида тарихий манзиллар, зиёратгоҳлар, қадамжо ва мақбаралар, масжид ва хонақолар кўп бўлган. Шунингдек, туман қадимий меросларнинг кўплиги билан алоҳида ўринга эга ҳисобланади. Жумладан, Вобкент минорининг қанчалик тарихий обида эканлиги билан алоҳида аҳамият касб этади.

Маълумки, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг шонли тарихини ҳар томонлама чуқур ва мукаммал ўрганиш, шу орқали ёш авлодга аждодларимиз ҳақидаги қимматли маълумотларни етказишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини қайта-қайта таъкидлаб келмоқда. Шу нуқтаи назардан, сўзга чиққанлар томонидан мазкур анжуман мамлакатимизнинг энг қадимий ва ҳамиша навқирон гўшаларидан бири бўлмиш Вобкент туманининг жуда бой тарихий ўтмишини ўрганишга бағишланганлиги билан аҳамиятли эканини таъкидлаб ўтишди.

Илмий-амалий конференция давомида Олий таълим муассасалари профессорлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жўраев Қодир Асадовичнинг мавзу юзасидан маърузалари тингланди.

Тадбир икки йўналишда олиб борилиб, “Ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш масалалари” мавзуси  конференциянинг давомига айланди.

Ушбу мавзу юзасидан сўзга чиққанлар эртанги кунимиз эгалари бўлмиш ёшларни ватанпарварлик, юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссида тарбиялаш, Ўзбекистонда ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш борасида Ватанга садоқат билан хизмат қиладиган инсонларни тарбиялаш, миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, дўстлик ва ҳамжиҳатликни ривожлантириш, экстремизм, терроризм кўринишларига қарши кураш олиб бориш, динлараро бағрикенгликни, тинчлик ва барқарорликни тарғиб қилиш масалалари ҳақида ўз фикр мулоҳазаларини билдирди.

Тадбирда қайд этилганидек, тарихни ўқиб-ўрганмасдан туриб, буюк келажак қуриб бўлмайди. Худди ана шу мақсадда Вобкент туманининг номоддий-маъданий меросини қўриқлаш, ўрганиш ва таҳлил қилиш мақсадида соҳа мутахассислари, олимлар ва тадқиқотчилар кўмагида туман маҳаллалари ва қишлоқларига экспедициялар уюштириш, номоддий-маъданий меросни сақлаш ва уни бутлигича келажак авлодга етказиш мақсадида танлов, фестивал, кўргазма каби маънавий-маърифий тадбирлар мунтазам равишда ўтказиладиган бўлди.

Мухтасар ЗОХИДОВА,

“Адолат” СДП Бухоро вилоят матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+