Яна бир оила яраштирилди

26.06.2024 10:06:11

Оила – бахт-саодат ва меҳр қўрғони, жамиятнинг асосий бўғини. Азалдан халқимиз бу муқаддас масканни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, унда соғлом ва баркамол фарзандлар тарбиялашга алоҳида аҳамият қаратган.

Бироқ сўнгги пайтларда, айниқса, ёш оилалар арзимаган баҳона, учинчи шахс аралашуви, маиший муаммолар сабаб бузилмоқда, оқибатда фарзандлар тирик етим бўляпти.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, жамиятда оила мавқесини сақлаш,  оилавий ажримлар сонини камайтириш мақсадида қилинаётган ишларда «Адолат» СДП депутатлари ҳам иштирок этмоқда.

Хусусан,  Булунғур туманидаги  Кичик Килдон маҳалласида  яшовчи   Сирож Пармонов ва Зиёда Умрзоқова оиласида ўзаро келишмовчилик сабаб низо юзага келган. Шу туфайли келин «Катта қишлоқ»  маҳалласидаги  отасининг уйига аразлаб кетиб қолган.

Бундан хабар топган икки маҳалла идораси ходимлари, туман бош отинойиси ҳамда «Оқила аёллар» бўлими бошлиғи томонидан эр ва хотин иштирокида  тушунтириш ишлари олиб борилди.

Унда оилавий қадриятлар, фарзанд тарбияси, эр ва хотин ўртасидаги бурч ва мажбуриятларга урғу берилди.  Натижада кенг жамоатчилик ва мутасаддилар саъй-ҳаракати  билан бу оила яраштирилди.

 

Насибали МАМАДИЁРОВ,  

Халқ депутатлари Булунғур тумани Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+