Яна сизми, Қодиров? Ҳеч бўлмаса ўз партиянгизнинг обрўсини тўкманг

30.07.2021 15:07:39

 

“Адолат” СДПнинг ўз электорати борми?” деган саволни йиллар давомида қовун экиб, эккан қовунларини қўлтиғидан тушириб халқнинг кулгисига қолаётган бир уддабурон берибди.

Эл-юрт Сизни ўқимишли, ҳар томонлама етук инсон деб ўтирган курсингизга сайлаб, ўтқазиб қўйибди, ҳурматли Қодиров. Наҳотки сиёсий майдонга қадам қўяётган вақтингизда Ўзбекистонда мавжуд партиялар, уларнинг электоратлари кимлар эканлиги ҳақидаги маълумотга эга бўлмагансиз?

Билмасангиз билиб олинг, барча ўтган сайловларда биргина “Адолат” СДП халқни ҳурмат қилган ҳолда, қовун туширмасдан, ҳеч кимнинг ғашига тегмасдан сайловчиларнинг ҳурматига сазовор бўлган партиядир!

Улар кимлар дейсизми?

Шифокорлар, педагоглар, коррупцияга қарши курашишга бел боғлаганлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, бюджетдан маош олувчилар, юқори малакали инженер техник ходимлар... Ва бизни қўллаб қувватлаган барча юртдошларимиз!

2020 йилнинг сентябрь ойида, айни пандемия авж олган пайтда “Адолат” партияси жамоаси ўз соғликларини хавфга қўйиб, Covid-19 ўчоғи бўлмиш Зангиота шифохонасида меҳнат қилаётган шифокорлардан тортиб, фаррошларгача қўллаб-қувватлаш мақсадида уларни замонамиз қаҳрамонлари дея эътироф этилганлигидан ёки эгаллаб турган лавозимидан ноҳақ ҳайдалган шифокорни партия ўз ҳимоясига олиб ишга тикланганлигидан хабарингиз борми?

“Адолат” СДПнинг саъй-ҳаракатлари билан таълим квоталарини оширилганини биласизми?

Суд-ҳуқуқ йўналишида судлар бирлаштирилгани, Республика мактаблари ўртасида кенг қамровли “Коррупция – тараққиёт кушандаси” мавзусида иншолар танлови ўтказилиб, ғолибларнинг иншолари китоб ҳолида нашр этилаётганини биласизми?

Аҳолимизни йиллар давомида қийнаб келаётган прописка масаласи ҳам айнан электоратимиз таклифидан келиб чиқиб ҳал этилди, ўша пайтда эса сиз қаерда эдингиз?

Ёки куни кеча “Адолат” партиясининг ташаббуси билан Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н.Умаров, Адлия вазири Р.Давлетов, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А.Бурхонов, Бош прокуратура катта прокурори Л.Жалов иштирокида “Коррупция – тараққиёт кушандаси” мавзусида ўтказилган онлайн конференцияда 3000 нафардан зиёд партия электоратининг давра суҳбатига Сизни чорламаганимиздан афсусдамисиз, муҳтарам Қодиров?!

Эҳ, эссиз, Сиз андишани отини қўрқоқ қўйишга ўрганиб қолибсиз. Бизнинг миллий тарбиямиз, ота-боболаримизнинг камтарга камол, деган ўгитларига содиқ бўлганлигимиз, Сизга ўхшаб нима қилсам раҳбарларга ёкаман деб, оғзимизга келганини гапирмаслигимиз айб бўлса, узр, биздан ўтибди.

Ҳурматли Қодиров жаноблари, хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, ҳалиям кеч эмас, аввал мамлакатимизда фаолият юритаётган партиялар ҳақидаги маълумотларни ўқиб, ўрганинг. Зеро, бизга донишманд ота-боболаримиз “ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир”, деб ўгит берганлар.

Шу ўринда Сизга эмас, тан олиб айтишим керак, “Миллий тикланиш” демократик партиясига бўлган ўзига яраша ҳурматим боис баралла айта оламанки, барча партиялар сингари, “Миллий тикланиш” демократик партиясининг ўз электорати бор, улар ҳам мен каби мамлакатимизнинг фуқароларидир.

Ҳурматли Қодиров жаноблари, ҳеч бўлмаса биз фахрланадиган миллий анъаналар ва қадриятларимизни  тиклаш ва мустаҳкамлашни ўзига мақсад қилиб олган “Миллий тикланиш” демократик партиясининг обрўсини тўкманг!

 

                                      Шаҳноза ОЧИЛОВА,

“Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+