Янги бошланғич ташкилотлар иш бошлади

15.03.2021 13:03:16

Наманган шаҳри таркибида Давлатобод тумани ташкил этилганига кўп бўлгани йўқ. Аммо бу ерда  ўтган қисқа муддат ичида қатор ташкилий-амалий тадбирлар амалга оширилди. Ижтимоий-иқтисодий соҳаларни бошқарадиган бўлимлар фаолият кўрсатмоқда. Сиёсий партиялар ҳам ўз ташкилотларини туздилар.

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Давлатобод туман кенгашига  ҳозирги кунда Рустамжон Котибов етакчилик қилмоқда.  У “Ёш адолатчилар” қанотининг фаолларидан. Ўтган йили “Ёшлар парламенти” аъзолигига сайланган. Партиямизнинг дастур ва ғояларидан яхши хабардор. Уларни ҳаётга тадбиқ этиш йўлида астойдил меҳнат қилишга бел боғлаган.

- Давлатобод туманидаги “Адолат” СДП ташкилотини бошқариш топширилганини ўзим учун билдирилган катта ишонч, ҳисоблайман, - дейди у. - Бу, зиммамга улкан масъулият ҳам юклайди. Чунки кенгаш фаолиятини йўлга қўйиш осон кечмаслигини яхши тушунаман. Устозлар, партия ишини пухта биладиган тажрибали сафдошлар ёрдамидан фойдаланишни мўлжаллаганман.

Ўтган ҳафтада янги туманда  дастлабки бошланғич ташкилотлар тузилди. Бунда вилоят кенгаши масъул ходимлари кўмаклашдилар. Улар БПТ ташкил этиш режалаштирилган ҳудудларда “Адолат” СДП хайрихоҳлари  билан учрашдилар. Партия низоми, Сайловолди дастури, айни кунларда олиб бораётган фаолияти ҳақида батафсил суҳбатлар уюштирилди. Орадан кўп ўтмай ўн беш нафарга яқин киши “Адолат” сафига ўтиш истагини билдирди. Янги аъзоларни  қабул қилиш тантанали вазиятда ўтказилди. Шундан сўнг ҳудудларда БПТни шакллантириш бошланди. Уларнинг дастлабкилари “Халқлар дўстлиги”, “Янги тонг” ва “Порлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳузурида  тузилди.

- Бизнинг бошланғич ташкилотимиз таркибида беш киши бор, - дейди “Янги тонг”даги БПТ раиси Мафтуна Турсунбоева. - Улар мен каби 42-мактабгача таълим ташкилотида ишлайдилар. Сафларимизни кенгайтириш юзасидан режа ишлаб чиққанмиз. Бугун-эрта тарғибот-ташвиқот ишларини бошлаб юборамиз.

Ҳа, Давлатобод туман партия кенгаши таркибида бир йўла учта БПТ иш бошлади. Улар сони тез орада янада ортишига тилакдошмиз.

 

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+