Янги Конституциядан бутун жамиятимиз баҳраманд бўлсин

22.05.2024 10:05:26

Мен узоқ йиллардан буён судья сифатида фаолият олиб бораман. Жамиятимизда адолатни қарор топтириш учун барча имкониятларимни ишга соламан. Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг сайловолди дастуридаги ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, инсон қадрини улуғлаш, қонун устуворлигига эришиш, адолатни ҳаётимизнинг бош мезони этиб белгилаш каби ғоялари менга жуда ёқади. Шу туфайли ҳам «Адолат» СДПнинг хайрихоҳи сифатида сиёсий куч аъзолари томонидан ислоҳотлар жараёнида амалга оширилаётган ишларга жиддий эътибор бераман. Айниқса, партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Маҳмудованинг ташаббуси билан Конституциямизнинг аудиокитоби яратилгани айни муддао бўлди.Энди нафақат ёшларимиз балки бутун халқимиз бўш вақтларини унумли ўтказиб, бош Қомусимизнинг муҳим нормаларини самарали ўрганиш имконига эга бўлдилар.
Дарҳақиқат, бош Қомусимиз дунё ҳамжамияти эътироф этганидек, демократик Конституциядир. Ўтмишда синалган ҳамда умуминсоний, умумбашарий қадриятларни, халқаро андозаларни ўзида мужассам этган ҳуқуқий ҳужжатдир. Конституциянинг ҳар бир моддасидаги ғоя ва нормалари ўзбек халқининг теран тарихий илдизларига асосланган бўлиб, у кўп йиллик тажриба ва маънавий қадриятларни, улуғ аждодларимизнинг ҳуқуқий меросини ўз ичига олган.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, янгиланган Конституциямизда халқимизнинг олий мақсади – Янги Ўзбекис­тонни барпо этиш бўйича эзгу тилаклари ва интилишлари ўз аксини топди. Бугун баралла айта оламиз янгиланган Конституция халқимиз учун адолатли жамият, озод ва обод Ватан қуриш йўлидаги улкан қадам бўлди. Зеро, бош Қомус давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Конституциядир. Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъбирлари билан айтганда, «Мамлакатимиз тараққиётида мутлақо янги даврга қадам қўймоқдамиз. Чунки янгиланган Конституциямизни қабул қилиш билан биз Учинчи Ренессанс учун ҳуқуқий пойдевор яратдик. Бугун халқимиз интилаётган ана шу буюк мақсадни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшаман, деган ҳар бир юртдошимиз, аввало, ушбу пойдеворга таяниб, ҳаракат қилиши лозим».
Давлатимиз раҳбарининг «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи нав­батдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида ҳам давлат органларининг иш фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш ва ташкил этиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш бўйича қатор устувор вазифалар белгилаб берилган.Конституцияни ўрганиш уни кенг омма ўртасида тарғиб қилишда биз судьялар ҳам бош-қош бўляпмиз. Конституция мустақил Ўзбекистоннинг Асосий қонуни. У партия томонидан яратилган аудиокитобда акс эттирилганидек. давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув идоралари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакл­лантирилиш тартиби, демократия асосидаги сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, одил суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради.
Конституциямизнинг барча нормаларида «Адолат» СДП каби адолат тамойиллари ғояси илгари сурилган. . Бу бежиз эмас, албатта. Тарихдан маълумки, «Зафарнома» асарида Амир Темур бобомизнинг қуйидаги сўзлари келтирилади: «…ўз қудратимни сақлаш учун мен бир қўлимда адолат шамини ва иккинчи қўлимга беғаразлик шамини тутиб, ҳар иккала шам билан бутун умр бўйи ўз йўлимни ёритиб юрдим. Барча қилмишларимда ана шундай адолат қоидаларига риоя қилдим».
Шу ўринда алоҳида эътироф этишимиз керакки, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг асосий мафкурасига мос бўлган «Ҳуқуқий давлат» тушунчасининг янги Конституциядан ўрин олиши советлар даврида топталган ва мустақиллик йилларида тикланган инсон қадрини янада улуғлаш, ҳимоя қилиш ва шахсий ҳаёт дахлсизлигини мукаммал таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлардир.
Шуни мамнуният билан айтмоқчиманки, сўнгги йилларда судларнинг амалдаги чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида Президентимиз ташаббуслари билан салмоқли ишлар амалга оширилди. «Адолат» СДП ташаббуси билан судьялар қонун доирасида фаолият юритишлари учун катта имкониятлар яратиб берилаяпти.Судьялар уй-жой, етарли миқдорда иш ҳақи билан таъминланган. Жамиятда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бирига айланди ва бу ўзининг ижобий натижасини бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди, мустақил орган – Судьялар олий кенгаши ташкил этилгани ва бу билан судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизими жорий этилгани ҳам яхши самара бера бошлади.
Имконияти чекланган фуқароларимизнинг ҳуқуқий саводхонлик маданиятини юксалтириш борасида янги аудиокитоб яратилгани жуда яхши иш бўлди, десам муболаға қилмаган бўламан, албатта. Энг муҳими, унда ёшлар ва имконияти чекланган юртдошларимизнинг ҳуқуқий билимларини юксалтиришга ҳам эътибор қаратилган. Бу жараёнда замонавий ахборот технологияларининг кенг имкониятларидан фойдаланган ҳолда яратилган қулай аудиокитобга айни пайтда талаб юқори.
Конституциямизнинг аудиокитоби юртдошларимизнинг барча қатлами учун унинг нормалари мазмун-моҳиятини қулай, осон тарзда тушуниш, эслаб қолиш имкониятини яратади.
Партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Маҳмудованинг бевосита саъй ҳаракатлари асосида яратилган мазкур аудиокитобда бир қатор соҳа мутахассислари ва партия фаолларининг таклиф ва тавсиялари ҳам ўз аксини топган.Айни пайтда партия томонидан мазкур аудиокитобни кенг халқ оммаси онгига сингдириш мақсадида қатор давлат ва нодавлат ташкилотлар, таълим муассасалари, имконияти чекланганлар билан ишлаш жамиятлари ва Миллий кутубхона тизимидаги ахборот ресурс марказлари билан ҳамкорликда тақдимот тадбирлари ўтказилмоқда.Бу каби хайрли тадбирларда биз судьялар ҳам партия ташкилотларига камарбаста бўляпмиз.

Умуман олганда, бош Қомусимиз янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча соҳалардаги кенг кўламли ишлар, хусусан, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори саналади. Шундай экан, унинг асосида амалга оширилаётган бунёдкорликлар, ислоҳотлар том маънода, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашга хизмат қилади.

Музаффар Раупов,
Қашқадарё вилоят судининг фуқаролик
ишлари бўйича судьяси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+