Янги Ўзбекистон халқпарвар, инсонпарвар давлат сифатида танлаяпти

20.12.2022 16:12:28

Янги Ўзбекистонда муҳтарам Президентимиз бошчилигида халқ фаровонлигини ошириш, инсон қадрини улуғлаш, камбағалликни қисқартириш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга ошириляпти. Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида умргузаронлик қилиб келаётган аҳолини сифатли уй-жойлар билан таъминлаш учун улкан бунёдкорлик ва ободончилик ишлари олиб бориляпти. Барча шаҳар ва туманларни комплекс ривожлантириш орқали фуқароларнинг яшаш ва меҳнат шароитини янада яхшилаш, одамларга сифатли коммунал хизмат кўрсатишга қаратилган кенг кўламли ва самарали тадбирлар бажариб келиняпти. Буни тугаб бораётган Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида шаҳар ва қишлоқларимизда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларида ҳам кўриш мумкин.

Бугун «Адолат» СДП Чироқчи туман Кенгаши томонидан халқ таълими бўлимида бўлиб ўтган партиянинг «Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт» лойиҳаси доирасида «Адолат – инсон қадри учун» мавзусидаги тадбирда ҳам шулар хусусида сўз юритилди.

- Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Янги Ўзбекистон стратегиясининг мақсади – юртимизнинг бахтли ва баркамол инсонлар фаровон яшайдиган, ижтимоий адолат тамойиллари тўлиқ қарор топган, дунёнинг ривожланган, барқарор ўсаётган ва инсон капитали юқори бўлган демократик давлатлари қаторидан жой олишини таъминлашдир»,- деди тадбирда халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Фарҳод Жуманов.-Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида кенг миқёсли ишлар амалга ошириляпти. Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантиришда қонун устуворлиги муҳим аҳамиятга эга. Албатта,
инсон қадрини улуғлаш — юртимизда яшаётган ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш демакдир. Бу борада жамиятимиз асоси бўлган маҳалла ҳал қилувчи ўрин тутади. Биргина бизнинг туманимиз мисолида оладиган бўлсак жорий йилнинг ўзида маҳаллаларда кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. 130 дан зиёд эҳтиёжманд оилаларнинг уйлари таъмирлаб берилди. Аҳоли мурожаатлари асосида янги турар жойлар барпо этилди. Партиянинг туман Кенгаши ҳузурида ташкил этилган «Адолат қабулхонаси» га фуқаролардан келиб тушган 200 дан ортиқ мурожаатларнинг 150 таси ижобий ҳал этилди. Қолганларига эса ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Туманимизда инсон қадрини улуғлаш учун барча жабҳада ишлар давом эттириляпти.

- Дунё ҳамжамиятида мустақил Ўзбекистон серқуёш ватанимиз халқпарвар, инсонпарвар давлат сифатида танлаяпти,- деди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Абдуқаххор Ахмедов.-Бунга юртимизда ночор, боқувчисини йўқотган кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш юзасидан амалга оширилаётган ишларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Бундан ташқари Президентимиз томонидан мамлакатимизда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташкил этилгани инсон қадрини юксалтиришга қўйилган катта қадам бўлди. Биргина Қашқадарё вилоятида янги йил арафасида 190 дан ортиқ кам таъминланган оила янги уйга кўчиб кирди. Меҳрибонлик уйларида тарбияланган болалар давлат томонидан янги уйлар билан таъминланди. Ногиронлиги бор фарзандлар тарбияланаётган оилаларга узлуксиз равишда моддий ёрдам бериляпти.

Тадбир сўнгида бундан буён ҳам Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатларнинг қадри, уларнинг манфаати ҳамиша юқори ўринда туриши керак деган халқпарвар ғоянинг узвий давом этаждаги алоҳида таъкидланди.

Собир Ахмедов.

«Адолат» СДП Чироқчи туман Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+