“Янги Ўзбекистон ҳуқуқий, дунёвий ва ижтимоий давлат сифатида ривожланишининг ижтимоий, фалсафий, иқтисодий ва сиёсий масалалари”мавзусида халқаро илмий-амалаий конфиренция бўлиб ўтди

22.05.2024 19:05:35

Бугунги кунда “Инсон қадри учун” тамойили Янги Ўзбекистоннинг энг асосий принципларидан биридир. Мазкур тамойил асосида мамлакатимизда сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослар йилдан йилга такомиллашиб бормоқда. Мамлакатимиз тараққиёт стратегияларининг мазмун-моҳияти халқ фаровонлигини ошириш, иқтисодиётни ривожлантириш, тадбиркорликни жадаллаштиришга қаратилган бўлиб, пировард мақсад, барча жабҳаларда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари устуворлигини таъминлашдан иборатдир.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бўлиб ўтган “Янги Ўзбекистон ҳуқуқий, дунёвий ва ижтимоий давлат сифатида ривожланишининг ижтимоий, фалсафий, иқтисодий ва сиёсий масалалари” мавзусида ташкил этилган илмий-амалий халқаро конференция ҳам мазмун-моҳиятан халқимиз ва давлатимиз манфаатларига хизмат қилувчи масалалар муҳокамасига бағишланди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси ҳамкорлигида 2024 йил — “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”га бағишлаб ташкил этилган мазкур халқаро илмий-амалий конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик Палатаси депутатлари, “Адолат” социал-демократик партияси, турли вазирлик ва идоралар вакиллари, хориж ва Ўзбекистон олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, магистр ва талаба ёшлар иштирок этишди.

Конференция давомида Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Г.Тешабаев, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.Шарипов “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Р.Махмудова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Ўринбосари, “Адолат” СДИ фракцияси раҳбари Зухра Ибрагимова, Олий Мажлис Сенати Қўмита раиси Наримон Умаров, ТДИУ проректори Г.Каландарова ва яна бир қатор профессор ўқитувчиларнинг илмий изланишлари асосида тайёрланган маъруза матнлари тадбир иштирокчиларининг эътирофига сазовор бўлди.

Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт нисбатан тез суръатлар билан ривожланмоқда. 2020 йил октябрь ойида ҳукумат рақамли инфратузилмани, электрон ҳукуматни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни рақамлаштириш, миллий IТ секторини яратиш ва IТ таълимни кучайтириш мақсадида Рақамли Ўзбекистон – 2030 стратегиясини қабул қилди. Рақамлаштириш ва инновациялар барқарор ривожланишнинг барча миллий мақсад ва вазифаларига хосдир.

Қолаверса, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ҳукуматимиз диққат марказида турган муҳим масалалардан биридир. Ўзбекистонда аёлларни ҳар қандай дискриминациялардан ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий ҳимоя қилишни тартибга солувчи барча асосий халқаро шартномалар ратификация қилинган.

Гендер тенглигини таъминлаш мақсадида Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги, Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари қабул қилинди. Малакали аёл кадрлар сонининг ортиб бораётгани ҳаётнинг барча жабҳаларида фаолликни оширишга хизмат қилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати ва бошқа раҳбарлик лавозимларида хотин-қизларнинг сиёсий фаоллиги ва салмоғи ортиб бормоқда. Ахборот технологиялари соҳасида гендер тенглиги барқарор ўсиб бормоқда: мобил телефон ва интернет фойдаланувчилари бўлган аёллар улуши кўпаймоқда. Яқиндагина пойтахтимизнинг Миллий медиа бирлашмаси томонидан ўтказилган Миллий медиа маҳсулот яратишда аёллар сиймосимавзусидаги халқаро конференция ҳам фикримизнинг яққол исботидир деди АдолатСДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова.

Айтиш жоизки, юртимизда амалга оширилаётган халқчил ислоҳотларга хайрихоҳлик ва қатъий ишонч ўзининг ижобий ҳосили ва самарасини бермоқда. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон қилиб олинди. Ушбу стратегияда юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари энг олий қадрият этиб белгиланди. Шу нуқтаи назардан, ушбу халқаро конференцияда ҳам Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий -иқтисодий ва илмий- фалсафий асослари юзасидан олиб борилаётган тадқиқот ишлари тадбир иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.

Анжуман иштирокчиларининг “Ёшларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини шакллантириш — стратегик вазифа”, “Мактаб таълими — Учинчи Ренессанснинг устунларидан бири сифатида”, “Янги Ўзбекистонда тадбиркор маънавиятини шакллантириш зарурати”, “Туркий халқлар фалсафасининг замонавий талькини”,  “Янги Ўзбекистонда нодавлат таълим ривожи — таълим сифатини оширишнинг муҳим омили сифатида”, “Ижтимоий давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантиришда сиёсий менталитетнинг роли” каби мавзулардаги маърузалари тингланди.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, Конференция давомида тингланган маърузаларнинг ҳар бири ўзининг чуқур илмий асослари, муҳокама мавзулари бугунги кунда халқаро ҳамжамият учун бирдек муҳимлиги билан конференция иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Турли баҳс ва мунозараларга бой тарзда ўтган конференция сўнгида, юртимиз ва халқаро экспортлар иштирокида ўтган бу каби илмий-амалий конференциялар анъанавий тарзда ташкил қилиш ғоятда мақсадли эканлиги таъкидланди.

Конференция иши доирасида ёш олимлар “Энг мазмунли маъруза”, “Нотиқлик маҳорати”, “Энг яхши тақдимот” йўналишлари бўйича рағбатлантирилди.

Гулбаҳор Қобулова,

“Адолат” СДП Марказий аппарати бош мутахассиси.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+