Янги Ўзбекистон – инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлатдир

01.03.2022 16:03:15

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаши марказий аппарати ташаббуси билан Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида Тараққиёт стратегияси тарғиботига бағишлаб ўтказилган маънавий-маърифий тадбирлар шундай номланди.

Каттақўрғон шаҳар драма театрида ташкил этилган тадбирда партия фаоллари ва аъзолари, “Аёллар қаноти”, “Ёш адолатчилар” қаноти Самарқанд вилояти кенгашлари вакиллари ва кенг жамоатчилик иштирок этди. “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси ўринбосари А.Раҳмонов, сиёсий кенгаш аъзоси Каттақўрғон шаҳар ҳокими Г.Алимова Тараққиёт стратегиясида келгуси беш йилликда барча соҳаларни янги босқичга олиб чиқиш, хусусан, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, суд-ҳуқуқ, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, ташқи сиёсат борасида янги марраларни забт этиш кўзда тутилганлигини таъкидлади. 

 – Дастурда белгиланган инсон қадрини улуғлаш, одамларни рози қилиш, уларнинг орзу-умидларини рўёбга чиқаришга қаратилган ишлар, янги демократик жамият барпо этиш йўлидаги ислоҳотлар бизнинг партиямиз ғоя ва мақсадларига ҳам тўла мос келади, – деди А.Раҳмонов. – Шунинг учун ҳам биз бу дастурдаги ҳар бир мақсад амалга ошишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз, қатъиятли ва ташаббускор бўлишимиз лозим. 

Тадбирда “Ёш адолатчилар” қаноти, партиянинг Самарқанд вилояти кенгаши қошида ташкил этилган “Истеъдод клуби” аъзолари, Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон шаҳар филиали талабалари ҳамда 11-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби ўқувчилари томонидан “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси” асосида  “Инсон қадри учун” тамойилига бағишланган саҳна кўринишлари намойиш этилди.

“Инсон қадри учун” устувор тамойилининг мазмун-моҳиятини кенг оммага содда ва тушунарли тарзда, саҳна кўринишлари орқали етказиш мақсадида ташкил этилган тадбирда партия фаоллари томонидан етти йўналишдан иборат Тараққиёт стратегиясининг барча йўналишларида аҳоли фаровонлиги ҳамда инсон қадрини улуғлаш ғояси мужассамлиги эътироф этилди.

Тадбир якунида партия сайловолди дастуридаги мақсад ва ғояларидан келиб чиқиб, инсон қадрини улуғлаш ва партия электорати манфаатларига хизмат қиладиган ҳаётий ислоҳотларни аҳоли орасида кенг тарғиб қилишдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ фаоллар ва жамоатчилик вакилларига партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+