Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!

23.06.2021 17:06:19

Ёшлар билан янгича ишлаш тизими доирасида келажагимиз эгаларининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятларини намоён қилиш, мотивация бериш, қалбларида ёт ғояларга қарши иммунитетни шакллантириш мақсадида кўплаб форумлар, фестиваллар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Туманимизда ташкил этилган ва беш мингдан ортиқ ёшларни жалб этган “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” фестивали ҳам кўплаб истеъдод эгаларини аниқлашга хизмат қилди.

Тадбирда  туманимизнинг барча маҳаллаларидан иқтидорли, истеъдодли, фаол ва ташаббускор, шунингдек, “Ёшлар дафтари”га киритилган ва уюшмаган ёшлар иштирок этдилар.

Тантанали очилиш маросими  “Норин” болалар  оромгоҳида  ташкил этилди. Бу ерда армрестлинг, футбол, волейбол, кураш, веломарафон, стол тенниси, шахмат бўйича мусобақалар ўтказилди. Шунингдек, бўш иш ўринлари ярмаркаси, “Рассомлар мусобақаси” ва “Ош чемпионати” кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.  

Тадбирнинг  иккинчи  куни ҳам қизиқарли воқеаларга бой бўлди. Туман маданият маркази ва 6-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танлови, “Муваффақиятга эришган раҳбарлар билан очиқ мулоқот”, “Киберспорт”, “Заковат брейн” ўйинлари ўтказилди.

Шунингдек, “Ўткир Ҳошимов асарлари билимдони” китобхонлар танлови ғолиблари ҳам  муносиб тақдирланди.

Фестиваль доирасида “Fashion terapiya&podium” миллий либослар кўргазмаси ташкил этилди. Унда 37 нафар дизайнер ўз ижоди намуналари билан иштирок этди. “Мирсултончек” маҳалласидан  Шаҳризода Муҳаммадалиева биринчи, “Норинкапа” маҳалласидан Зилола Абдуллаева иккинчи ва “Катта Ўлмас” маҳалласидан Ўғилой Мухторова учинчи ўринга  муносиб  деб  топилдилар.

“Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлари подполковник Темур Мустафоев ва подполковник Ойбек Хўжақулов, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги бошқарма бошлиғи Акмалжон Алимов иштирокида ёшлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Очиқ ва самимий руҳда кечган тадбирда навқирон авлод вакилларининг муаммолари ва таклифлари ўрганилди.

“Яқинда 6 сотихли ер участкаси сотиб олгандик, агар иссиқхона қуриб берилса, оилавий тадбиркорлигимизни йўлга қўярдик”, - деди 21 ёшли Бунёдбек Олимжонов. Бунга жавобан АТ “Халқ банки” Норин филиалига тегишли тартибда имтиёзли кредит ажратиб, ҳужжатларни расмийлаштириш топширилди.

Туман марказий ўйингоҳида ёшлар фестивалининг ёпилиши маросими бўлди. Унинг иштирокчилари катта дастурдаги гала-концертни томоша қилдилар. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Комилов, “Ниҳол” мукофоти совриндори Наргиза Азимова, эстрада юлдузи Нодирабегим ижросидаги куй-қўшиқлар ёшлар қалбига хуш кайфият бахш этди.

 

Носиржон ҲАСАНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Норин туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+