Янгича фикрлайдиган ёшлар майдонга чиқмоқда

09.01.2024 09:01:53

Ўзбекистон том маънода ёшлар мамлакати. Аҳолининг аксарият қисмини ёшлар ташкил қилишидан келиб чиққан ҳолда келажагимиз эгаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Республикамизда амалга оширилган ўзгаришлар қаторида, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни янги куч сифатида шаклланиши, ислоҳотларнинг асосий манбаига айлантиришга қаратилган давлат сиёсати шаклланди.
2016 йилда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши ва юртимизда 30 июнни “Ёшлар куни” деб эълон қилингани бунинг ёрқин ифодасидир.
Кези келганда айтиш лозимки, турли соҳаларда юксак натижа ва ютуқларга эришаётган фидойи ёшларни рағбатлантириб бориш ҳам доим эътиборда. Мисол учун, Зулфия номидаги ва “Мард ўғлон” давлат мукофотлари, “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилгани бежиз эмас. Тенгдошлари орасида ўз билими, иқтидори ва ташаббускорлиги билан устунлигини кўрсатган йигит-қизлар ана шундай юксак мукофотларнинг эгасига айланмоқда. Бу уларни янада фаолликка, изланишга ундаяпти.
Фарзандларимизга кўрсатилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятларнинг чегараси йўқ. Ўқиши, касб эгаллаши ва ўз иқтидорини кўрсатиши қўллаб-қувватланмоқда. Ушбу оқилона сиёсатнинг замирида халқимизнинг ва давлатимиз раҳбарининг ишончи ётибди. албатта. Бу ўз ўрнида бугунги ёшларнинг зиммасидаги масъулиятни оширади.
Юқоридагиларнинг изчил давоми сифатида 2024 йил мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилинди. Бунда катта маъно мужассам. Амалдаги йилда келажагимиз эгаларига бўлган эътибор янада ортади. Аввало, мактабгача таълим қамровини ошириш, халқ таълими тизимидаги муаммоларни ечиш ва таълим сифатини ошириш, олий таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, ёшларга касб-ҳунар ўргатиш ва янги иш ўринлари яратиш бош вазифага айланади. Тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, истиқболли лойиҳаларини амалга оширишлари йўлидаги ҳар қандай муаммо бартараф этилади.
Президентимиз таъкидлаб айтганларидек, ёшлар – халқимизнинг асосий таянчи ва суянчидир. Янгича фикрлайдиган янги авлод майдонга чиқмоқда. Уларга ғамхўрлик кўрсатиш барчамизнинг асосий вазифамиз. Келажакда бу эътибор ижобий самара бериши шубҳасиз.

Илҳомжон Абдулазизов,
халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+