Янгиланаётган Ўзбекистоннинг муҳим қадамлари

06.10.2020 18:10:11

Маълумки, давлатимиз раҳбари 2017 йилнинг  сентябрь  ойида  Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида қатор муҳим таклиф ва мулоҳазаларни баён этган эдилар. Уларнинг барчаси жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, амалиётга татбиқ этилди. Мамлакатимиз раҳбари бу гал ҳам қатор ташаббусларни илгари сурдилар.

2020 йил 15 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессияси  биринчи марта бутунлай янги шаклда – коронавирус пандемияси туфайли онлайн мулоқот тартибида бўлиб ўтди.

Бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаган эди. Бу офат бутун инсониятнинг заиф жиҳатларини яққол кўрсатди. Ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазият ер юзидаги барча давлатлар ва халқлар ўзаро боғлиқ эканини, ўртамизда мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик ўта муҳимлигини исботлади. Мақсадимиз – ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратишдир. Бу борада давлатимиз раҳбари  Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг иҳтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқишни таклиф этдилар.

Биз Ўзбекистонда COVID-19 қайд этилган дастлабки кунлардан бошлаб барча саъй-ҳаракат ва ресурсларимизни бу хавфли касалликни жиловлаш ва энг асосийси – одамлар ҳаётини сақлаб қолишга қаратдик, деган фикрни илгари сурдилар юртбошимиз.

Жамиятни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларимиз натижасида янги Ўзбекистон шаклланмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиздаги демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олди. Бу ҳақда Президентимиз алоҳида эътироф этдилар.

Ўтган йили парламентга ўтказилган сайловлар аҳоли ва партияларнинг сиёсий фаоллиги, фуқаролик жамияти институтларининг роли, оммавий ахборот воситаларининг таъсири ошганини ҳам муҳтарам Президентимиз қайд этиб ўтдилар. Ҳозирги кунда тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда. Янги парламентда аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайди. Мамлакатимиз раҳбари саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат  бутунлай ўзгарди. Мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига жавобан шу йилнинг ўзида 50 минг юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилди. Бу ҳам жуда катта инсонпарварлик белгисидир. Мен бир партия фаоли сифатида  айтмоқчиманки, мамлакатимиз раҳбари маърузасида жуда кўп ҳаётий долзарб масалалар кўтарилди. Уларни ҳаётга татбиқ этиш эса жуда муҳимдир. 

                                                                          Руиддин РАУПОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси,

халқ  депутатлари вилоят Кенгаши

депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+