ЯНГИЛАНГАН КОНСТИТУЦИЯ — учинчи ренессанснинг ҳуқуқий пойдевори

03.05.2024 12:05:44

 

Бундан бир йил аввал, 2023 йилнинг 30 апрель куни мамлакатимизда ўтказилган умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. Бу том маънодаги тарихий воқеа эди. Шу куни мамлакатимизда аҳамияти ва кўлами жиҳатидан мислсиз сиёсий воқелик юз берди. Буни ҳатто яқин-яқингача тасаввур этиш ҳам мушкул эди, аммо ирода ва иқтидор жасорати билан амалга оширса бўларкан: давлатчилигимиз тарихида янги таҳрирдаги Конс­титуциянинг қабул қилиниши илк маротаба халқимизнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлди.

Янгиланган Бош қомусимизда халқимизнинг олий мақсади – Янги Ўзбекис­тонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топди. Шубҳасиз, янгиланган Конституция адолатли жамият, озод ва обод Ватан қуриш йўлидаги улкан қадам бўлди. Зеро, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қомусномадир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Мамлакатимиз тараққиётида мутлақо янги даврга қадам қўймоқдамиз. Чунки янгиланган Конс­титуциямизни қабул қилиш билан биз Учинчи Ренессанс учун ҳуқуқий пойдевор яратдик. Бугун халқимиз интилаётган ана шу буюк мақсадни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшаман, деган ҳар бир юртдошимиз, аввало, ушбу пойдеворга таяниб, ҳаракат қилиши лозим”.

Демак, янги ҳуқуқий макон асосида қурилаётган бугунги кунимиз, қуриладиган эртанги кунимиз қандай бўлиши, бахтли ва фаровон келажакка эришиш мазкур янгиланган Конституциянинг руҳига қанчалик таянишимиз, унинг ижтимоий-ҳуқуқий имкониятларидан тўлиқ фойдаланишимизга, нормаларини чуқур ўрганишимиз негизида унинг талаб ва принципларини бевосита қўллаш ҳамда риоя қилишимизга кўп жиҳатдан боғлиқдир. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи нав­батдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш бўйича қатор устувор вазифалар белгилаб берилган.

Албатта, Конституция муайян мамлакатнинг Асосий қонуни. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакл­лантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг барча нормаларида қизил ип бўлиб ўтган бош ғоя, шубҳасиз, адолат тамойилларидир. Бу бежиз эмас, албатта. Тарихга мурожаат қилайлик. Машҳур “Зафарнома” асарида Амир Темур бобомизнинг қуйидаги сўзлари келтирилади: “...ўз қудратимни сақлаш учун мен бир қўлимда адолат шамини ва иккинчи қўлимга беғаразлик шамини тутиб, ҳар иккала шам билан бутун умр бўйи ўз йўлимни ёритиб юрдим. Барча қилмишларимда ана шундай адолат қоидаларига риоя қилдим”. 

Соҳибқирон бобомиз адолат шамини қўлида тутган ҳолда бутун умр адолат қоидаларига риоя этиб яшаган. Бугун мамлакатимизда Учинчи Ренессанс барпо этилаётган бир даврда буюк саркарданинг адолат борасидаги ўгитлари биз учун алоҳида аҳамияга эга. 

Янгиланган Бош қомусимизнинг муҳим ғояси – бу ҳаёт гултожи бўлган инсонни қадрлашга, унинг манфаатларини муҳофазалашга қаратилди. Бу давлатимиз сиёсатида инсонпарварлик принципи устуворлигининг яққол намунасидир. Асосий қонунимизда юксак инсоний қадриятлар мужассамлашгани ҳам унинг халқчил қомус эканлигини яққол намоён этади.

Айни пайтда Конституциямиздаги бундай мезонлар “Инсон манфаатлари – олий қадрият” нуқтаи назарини ўз фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътироф этган “Адолат” социал-демократик партияси ғояларига ҳамоҳанглиги билан бизни ҳам мамнун этади, ҳам масъулиятимизни оширади, албатта. 

Конституциянинг 1-моддасида “Ўзбекистон — бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” экани белгилаб қўйилган. Бу нормалар айнан социал-демократик нормалар бўлиб, инсон ҳуқуқларига олий мақом берадиган, инсонларнинг барчасини ижтимоий ҳимоя қиладиган ва қонун олдида ҳамманинг тенглигини таъминлайдиган олий даражадаги ҳуқуқий механизм бўлиб хизмат қилади.

Халқимизга хос бўлган тарихан шаклланган анъанага кўра, кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик – давлат сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолиши табиий. Шу боис илк бора Ўзбекистон – ижтимоий давлат, деб белгиланди. Яъни, инсонга эътибор ҳамда ғамхўрлик – давлат ва жамиятнинг энг асосий бурчи экани мус­таҳкамланди. Конституцияда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятлар олиши белгиланди. 

Ўзбекистон – ижтимоий давлат, деб белгиланиши орқали инсонга эътибор ҳамда ғамхўрлик давлат ва жамиятнинг энг асосий бурчи экани мустаҳкамлаб қўйилди.

Шу ўринда алоҳида қайд этиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг асосий мафкурасига ҳамоҳанг бўлган “Ҳуқуқий давлат” тушунчасининг Конституциядан ўрин олиши советлар даврида топталган ва мустақиллик йилларида тикланган инсон қадрини янада улуғлаш, ҳимоя қилиш ва шахсий ҳаёт дахлсизлигини мукаммал таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлардир. 

Зеро, ҳуқуқий давлат – бу Конституция ва қонунлар устувор бўлган, миллатидан, ирқидан, танасининг рангидан, жинсидан, келиб чиқишидан, диний ва дунёвий қарашларидан, мансаб даражаси ва моддий имкониятларидан қатъий назар ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият, деб тан олинадиган, эътироф этиладиган, ҳурмат қилинадиган мамлакатдир.

Шу сабабли янгиланган Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари давлат ва жамият манфаатларидан устун қўйилган. Давлат органлари ҳамда мансабдор шахс­ларнинг фақат ва фақат фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият юритишига асос солинган. Қонун ҳужжатларидаги зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлиши шартлиги белгиланган. 

Конституцияда ўз аксини топган ҳар бир норма, аввало, инсон ва унинг қадр-қимматини юксалтириш, яшаш учун муносиб шароитлар яратиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган.

Жумладан, янгиланган Конституциямизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бўлимига оид нормалар 3 баравардан кўпроққа ошиб, инсон ҳуқуқлари қонунларимизнинг, ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятининг мазмунига айланиши қатъий этиб белгиланган. Шу билан бирга, инсонга эътибор ҳамда ғамхўрлик – давлат ва жамиятнинг энг асосий бурчи экани конституциявий мустаҳкамланган.

Конституциямиз бугунимиз ва эртамиз янада фаровон, турмушимиз файзли бўлиши, фарзандларимизнинг бахтли келажаги, тинч-осуда ҳаётимиз, фуқароларимиз эркинлиги кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўз навбатида мамнуният билан қайд этиб ўтаманки, юртдошларимизнинг ҳуқуқий саводхонлик ва маданиятини юксалтириш борасида “Адолат” СДП томонидан салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда замонавий ахборот технологияларининг кенг имкониятларидан фойдаланган ҳолда яратилган қулай ва интерактив юридик адабиётларга талаб юқори эканлиги маълум.

Шу сабабдан ҳам янгиланган Конституциямизнинг бир йиллиги муносабати билан «Адолат» социал-демократик партияси томонидан Бош қомусимизнинг аудио китоб шаклидаги варианти яратилди. 

Конституциямизнинг аудио китоби аҳолининг барча қатлами учун унинг нормалари мазмун-моҳиятини қулай, осон тарзда тушуниш, эслаб қолиш имкониятини яратади. Мазкур аудио китоб имконияти чекланган фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини юксалтиришга, қолаверса, ёшларимизнинг бўш вақтларини унумли ўтказиш, иш, ўқиш ва кундалик ҳаётда Конституциямизнинг муҳим нормаларини самарали ўрганишларига хизмат қилади. 

Партия томонидан мазкур аудио китобни кенг оммага етказиш мақсадида қатор давлат ва нодавлат ташкилотлар, таълим муассасалари, имконияти чекланганлар билан ишлаш жамиятлари ва Миллий кутубхона тизимидаги ахборот ресурс марказлари билан ҳамкорликда тақдимот тадбирлари ўтказилмоқда. 

Албатта, биз бу эзгу ишга бежиз қўл урмадик. Ҳаммамизга яхши маълум, юртимизда “Янги Ўзбекистон – маърифий жамият” концепцияси асосида конституциявий таълим масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Парламент томонидан Конституцияни ўқиб-ўрганиш бўйича Миллий фаолият дастури қабул қилинган. Асосий қонунимизни ўрганишни болалар боғчасидан бошлаш, барча даражадаги таълим муассасалари, аҳолининг турли қатламлари, айниқса, давлат хизматчилари ушбу жараёнга тўлиқ жалб этилмоқда. Шунингдек, давлат хизматига киришда Конституция асослари бўйича имтиҳон тизмини амалда татбиқ этиш бўйича ҳаракатлар бошланган. 

Бундай эзгу саъй-ҳаракатларни қизғин қўллаган ҳолда, Янги Ўзбекистонни барпо қилиш стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асослари муҳрланган Конституциямизни, албатта, ўқиб-ўрганишимиз, ундан ўз фаолиятимиз учун куч ва илҳом ола билишимиз бизнинг фуқаролик бурчимиздир. 

 

Робахон МАХМУДОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+