Янгиқўрғонда “Адолат” СДП куни”

28.04.2021 13:04:17

Янгиқўрғон – Наманган вилоятининг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланиб  бораётган туманларидан бири. Бу ердаги “Адолат” СДП аъзолари сафи ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Айни пайтда партиядошларимиз сони   2700 кишини ташкил этмоқда. Бошланғич партия ташкилотлари эса 44 тага етди.

- Партиямиз нуфузини оширишда жойларда ўтказилаётган хилма-хил тадбирлар алоҳида аҳамият касб этмоқда, - дейди “Адолат” СДП  туман  кенгаши раиси Раҳимжон Тошматов. – Биз бундай тадбирларни “Адолат” СДП куни” деб номлаганмиз. Бунда фаолларимиз жойларга бориб, корхона, ташкилот  ёхуд муассасада ўтказиладиган тадбирларда қатнашадилар. Сўзга чиққан вакилларимиз партия ғоя ва мақсадлари, фаолиятнинг асосий йўналишлари, Сайловолди дастури ҳақида ҳикоя қилаб берадилар. Ўзаро савол-жавоблар мавзуни янада чуқурлаштиради. Иштирокчиларга ўқиб-ўрганиш учун сиёсий адабиётлар ҳам тарқатилади.

Яқинда ана шундай тадбирлардан бири Ғовазон қишлоғидаги  61- умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилди. У мазкур маърифат масканида қуриб битказилган 150 ўринли ўқув биносининг фойдаланишга топшириш маросимига уланиб кетди. Сўзга чиққан Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова партия ҳақида билдирган фикрлари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Тадбирдан сўнг ўнга яқин педагог сафимизга қўшилиш истагини изҳор қилгани бундан далолатдир.

Худди шундай тадбир аввалроқ қўшни Ровут қишлоғидаги 5-мактабгача таълим ташкилотида ўтказилган эди. Бу муассасада 55 ходим меҳнат қилади. Улардан 45 киши “Адолат” СДП сафига кириш истагини билдирди. МТТда ўтказилган тадбирда уларнинг барчасига партия билетлари топширилди. БПТ раислигига эса ташкилот раҳбари Гулбаҳор Жўраева сайланди. Янги сафдошларимиздан Умида Мансурова, Феруза Набиева, Рислиқхон Мўйдинова ва бошқалар партияга қабул қилинганликларидан мамнун эканликларини айтиб, жамоатчилик ишларида, партиявий лойиҳаларни амалга оширишда фаоллик кўрсатишга ваъда бердилар. “Адолат” СДПдан халқ депутатлари туман кенгаши депутатлигига сайланган Шавкатжон Ғайбуллаев ҳам мактабгача таълим ходимларини сафимизга қўшилганликлари билан қутлаб, эзгу тилаклар билдирди.

– Жамоамизда сиёсий жараёнларга қизиққан, таълим соҳасидаги ислоҳотларда фаол қатнашаётган ҳамкасбдаримиз кўпчиликни ташкил этади, - дейди у. – Партияга кириш тўғрисида қарор қабул қилишдан олдин обдон мулоҳаза қилдик, ўзаро фикр алмашдик. “Адолат” СДП Сайловолди дастури халқчиллиги билан бизга маъқул тушди. Унда таълим соҳасига катта эътибор қаратилгани ҳам ҳаммага ёқди.

Шундай қилиб, Янгиқўрғон туман партия ташкилоти сафига бир кунда 45 киши қўшилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП   Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+