Яқин қўшничилик ва тинчлик йўлида яна бир қадам

16.07.2021 18:07:20

Кейинги вақтда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни мустаҳкамланиб бормоқда. Кенг доирадаги учрашувлар, халқаро масалалар билан боғлиқ тадбирларда  иштироки, яна ҳам аниқроғи нуфузли тадбирларни республикамизда ўтказилиши бунинг тасдиғидир. Куни кеча Тошкентда ўтказилган  “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция, айтиш мумкинки, бу йўлда яна бир қадам бўлди.

Мазкур тадбирда 44 та мамлакат ва 30 га яқин халқаро ташкилот делегациялари, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари раҳбарларининг  иштироки унинг қанчалик сиёсий кучга эга эканлигини кўрсатди. Таъкидланганидек, халқаро муносабатлар янада мустаҳкамланиб бораётган бугунги кунда Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги тарихий яқинлик, уни бугунги кунда ўзаро ишонч ва манфаатдорлик асосида мустаҳкамлашнинг аҳамияти  катта.  

Тарихдан бизга маълум, Марказий ва Жанубий Осиё азалдан бир-бирининг маданиятини бойитган. Буюк ипак йўли ҳамда Ҳинд-ганг йўли орқали маҳсулотлар, билим, ҳунар ва қадриятлар тарқалган. Ўз ўзидан  бу давлатлар ўртасидаги муносабатлар манфаатли ва мустаҳкам бўлиши зарурлигини ифодалайди.

Бироқ кейинги йилларда дўстлик муносабатларига путур етди. Чегараларнинг пайдо бўлиши, бир бирига ишончсизликни қандай тушуниш мумкин? Бу икки тарафни ҳам ўйлантирадиган, керак бўлса ташвишга соладиган масала. Шу сабаб давлатимиз раҳбари ўз  нутқида тарихий алоқаларни тиклаш  зарурлигини таъкидлади. “Бугун дунё ҳам таҳдидлар, ҳам янги имкониятларни ўзида тутган глобал геосиёсий трансформациялар даврига қадам босди. Бундай шароитда 2 миллиарддан зиёд одам яшаётган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларнинг қайта тикланиши янада муҳим ва объектив жараёнга айланиб бормоқда. Халқларимизнинг улкан тарихий, илмий ва маънавий-маданий меросидан, иқтисодиётларимизнинг бир-бирини тўлдириб туришидан, интеллектуал салоҳият ва меҳнат ресурсларининг борлигидан келиб чиқиб, биргаликдаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш фурсати келди, деб ўйлайман ва бу, шубҳасиз, катта манфаат келтиради”, дея тадбир иштирокчиларининг эътиборини қаратди.

Тинчлигимиз ва яқин қўшничилик муносабатларининг  тикланишидан халқимиз хурсанд. Негаки бу халқлар ўртасидаги муносабатлар, маҳсулот айрибошлаш, савдо ва туризмнинг ривожланишига хизмат қилади.  Бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи  долзарб бўлиб бораётган бир вақтда бу янада катта аҳамият касб этади. Шу сабаб барча яқин қўшничилик муносабатларининг тикланиши тарафдори.

 

Мадаминжон МАДАЗИМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+