Яратилаётган имкониятлар аёл бахти учун

13.03.2024 14:03:28

Давлатимиз Раҳбари Ш. Мирзиёев 8-март — "Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан сўзлаган байрам табригида мамлакатимизда фаолият олиб бораётган 9442 та маҳалладаги 580 минг нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида "Тадбиркорлик марказлари" ташкил этилиши тўғрисидаги хабар барчамизнинг байрамона кайфиятимизни янада кўтарди. Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишда "Эзгулик шиорингиз, маърифат қуролингиз бўлсин!" шиори остида иш юритишимиз кераклиги таъкидланди. Президентимизнинг ота-оналарга мурожаати давомида фарзандлар камида 2 та тил ва 1 та касб ўрганиши кераклиги, ота-оналарнинг фарзандларига қолдирадиган энг катта мероси — унинг одоб-ахлоқи эканлигини таъкидлаб ўтгани барча ота-оналар зиммасидаги бурчларини адо этишда масъулиятни янада теран ҳис қилишларига имкон берди.
Давлатимиз раҳбари нутқи давомида ўқиган одамнинг фарзанди ҳам ўқимишли бўлиши, ҳаёти давомида қоқилмасдан ўз йўлини топа олишига ҳаётий мисоллар келтириб ўтди ва фарзандларимизни таълим олишларига эътибор қаратишимиз муҳимлигини тушунтирди.
Бугунги кунда 1 млн дастурчи лойиҳасида иштирок этаётганларнинг 47 фоизи, яъни қарийб ярмини қизлар, Олий ўқув юртларининг магистратура босқичида ўқиётганларнинг эса 60 фоизини аёллар ташкил этгани, Давлат бошқарувида аёлларнинг улуши олдинги 27 фоиздан ҳозирги кунда 35 фоизга ошгани мамлакатимиз ҳаётида хотин-қизларнинг ўрни тобора юксалиб бораётганини кўрсатмоқда.
Табрикда март ойи "Хотин-қизлар ҳуқуқлари ойи" деб эълон қилингани ҳам барчага байрамона кайфият бағишлади.
Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, касб ва тадбиркорлик билан шуғулланиши учун 15 трлн сўм ажратилиши, Ўзбекистон Гендер тенглик масалалари бўйича дунёдаги ривожланган "Бешталик" давлатлар рўйхатига киритилгани ва 2024 йилда бўлиб ўтадиган "Осиё аёллари" форумига мамлакатимизнинг мезбонлик қилиши тарихий аҳамиятга эга экани билан юртимиз аёлларини янада ишчанлик, ташаббускорлик сари ундади.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда яратилган шароитлар натижасида бахтли аёллар сони кўпайиб бораётгани мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, аҳолининг фаровон яшашига хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Майсара ХУДАЙБЕРГАНОВА,
Ўзбекистон "Адолат" СДП
Хоразм вилоят, Боғот тумани Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+