“Яшил макон” лойиҳаси кўтаринкилик билан бошланди

03.04.2024 14:04:24

Бу йил баҳорда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида мамлакатимиз бўйлаб 125 миллион туп кўчат экиш белгиланган. Шундан келиб чиқиб, автомобиль ва темир йўл бўйлари, канал ёқалари, маҳаллалар, кўчалар, кўп қаватли массивларда дарахт ва гул экиш, озодаликни таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари раислигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳорги экиш мавсумини ташкил қилиш ҳамда чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўчат экиш бу виждон иши эканлиги таъкидланди. Ана шу даъватга хайрихоҳлик билдирган Тошкент вилояти партия фаоллари дам олиш кунларида кўчат экишни чин инсоний бурч деб ҳаракат қилишмоқда. Ҳар бир экилган кўчатларнинг жойлашиш тури, сони суғориш тизими мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, ҳудудларга мослиги, манзиллигига аҳамият қаратилмоқда.
Шу кунга қадар магистраль каналлар мелиорация тармоқлари ёқаларидаги минглаб гектар ер майдонларидан унумли фойдаланилмаган эди. Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмасига асосан мана шу ҳудудларни ҳам кўкаламзорлаштиришга киришилди. Яшил макон лойиҳаси каби бевосита экологияга таъсир этувчи асосий омиллардан бири ҳисобланган чиқиндиларни қайта ишлаш масаласи ҳам бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бирига айланди.
Ўтказилган видеоселектор йиғилишида эндиликда ҳудудларни ободонлаштириш, тозаликни таъминлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилиниши белгиланди. Кўп қаватли хонадонлардан аҳолини чиқинди сараланган ҳолда шохобчага олиб боришга рағбатлантирадиган тизим жорий этилади. Тадбиркор эса қайта ишланадиган фойдали чиқиндини аҳолидан сотиб олади. Албатта, омилкорлик билан амалга оширилаётган чора-тадбирлар манфаатли ташаббуслар эвазига кутилган натижаларга эришиш имконини бериши билан аҳамиятлидир.

Фармон Аллаев,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши раиси в. в. б.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+