“Яшил” тикланишга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатлар бирлаштирилади

31.05.2021 15:05:22

Сўнгги йилларда энергиянинг қайта тикланувчи манбалари, энергия самарадорлиги, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва бошқа тегишли йўналишлардаги сиёсатни, шу жумладан, Ўзбекистонда "яшил" иқтисодиётга ўтиш, "яшил" тикланиш жараёнида бўлажак эҳтимолли инқирозларга тайёр турган илғор ва барқарор жамият ва иқтисодиётни яратиш, бир вақтни ўзида табиий ресурслар ва атроф-муҳитга бўладиган босимни пасайтириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада амалга оширилаётган ишлар куни кеча давлатимиз раҳбари иштирок этган Сеул шаҳридаги видеоанжуман шаклида ўтаётган “Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030” иккинчи халқаро саммитида ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Хусусан, иқлим ўзгариши оқибатларини енгиб ўтиш, “яшил” тикланиш ва углерод нейтраллигини таъминлаш, шунингдек, БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва Иқлим бўйича Париж битими қоидаларини бажариш масалалари ўрин олган икки кунлик форум доирасида, дунёнинг етакчи мамлакатлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари, юқори даражадаги вакиллари, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишиб “яшил” тикланишни барқарор таъминлаш бўйича ўз таклифларини билдиришмоқда.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида “яшил” тикланиш соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланишларнинг муҳим йўналишларини қайд этди ҳамда бу борадаги халқаро ҳамкорликнинг истиқболлари юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилди.

Форумда давлатимиз раҳбари “яшил” ва барқарор тараққиётга хизмат қиладиган самарали қарорлар қабул қилиш учун бутун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Хусусан, давлатимиз раҳбари ўз нуқида яқинда Ўзбекистон ташаббуси билан Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш бўйича қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси тўлиқ қўллаб-қувватлангани учун барча халқаро ҳамкорларга миннатдорлик билдирди. Мазкур йўналишдаги ишларни, шу жумладан махсус ташкил этилган БМТ Траст жамғармаси, Яшил ўсиш глобал институти, “P4G” шериклик платформаси ва бошқа халқаро институтлар доирасида биргаликда фаол давом эттиришни таклиф қилди.

Шу билан бирга, минтақамизда иқлим ўзгаришлари, буғланиш даражасини оширувчи газлар ва атмосфера ифлосланиши муаммолари таъсирида трансчегаравий дарёлар оқими ва биологик хилма-хиллик қисқараётгани жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлиги маълум қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Париж битими доирасида 2030 йилга қадар парник газларни атмосферага чиқаришни қисқартириш бўйича ўз зиммасига олган барча мажбуриятларни бажариши таъкидланди.

Шунингдек, форум доирасида Ўзбекистонда бугунги кунда “яшил тараққиёт” борасидаги мақсадларга эришиш учун “яшил” технологияларни кенг жорий қилиш ва “яшил” энергетика соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун яқин ўн йилда қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 3 баробардан зиёдга оширилиши маълум қилинди. Шу билан бирга, 2022 йилда Ўзбекистонда “Ривожланаётган мамлакатлар учун яшил энергетика” мавзусида халқаро конференция ўтказилиб, конфереция доирасида “яшил” истеъмол маданиятини шакллантириш, “яшил" иқтисодиётни барпо этишга ёшларни жалб этиш бўйича махсус дастурлар қабул қилиниши таклиф этилди.

Хусусан, “яшил” истеъмол маданиятини шакллантириш, аҳолини соғлом-турмуш тарзига риоя этишини тўлақонли таъминлаш нечоғлиқ муҳим масала эканлигини бугунги пандемия даври барчамизга исботлаб берди. Шу боисдан давлатимиз раҳбари томонидан “яшил” истеъмол маданиятини шакллантириш, “яшил" иқтисодиётни барпо этишга ёшларни жалб этиш каби ҳаётий ташаббусларнинг илгари сурилиши форумнинг барча иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди.

Хулоса қилиб айтганда, форум доирасида “Яшил” тикланиш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш учун устувор бўлган вазифа ва имкониятлар муҳокама қилиниб, Ўзбекистонда бу борада бошланган ишлар самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиш учун Ўзбекистон “P4G” шериклигига қўшилиш ҳамда унинг тўлақонли иштирокчисига айланишга тайёр эканлиги маълум қилинди.

 

Махфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+