Яшнободда мактаблар ва олий таълим интеграцияси

19.04.2021 12:04:11

Тошкент шаҳар Яшнобод туман Халқ таълими бўлимига қарашли 215 сонли умумтаълим мактабида олий таълим муассасалари ходимлари билан “Мактаб ва олий таълим интеграцияси” шиори остида очиқ эшиклар куни ўтказилди. Жонли мулоқот тарзида ташкил этилган учрашувда Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши фаоллари ҳамда олий таълим муассасалари, мактабларнинг 11-синф ўқувчиларидан жами 300 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди.

Тадбир аввалида очиқ эшиклар куни ўтказилишининг мазмун-моҳияти ҳақида ташкилотчилар томонидан кириш сўзи айтилди. Сўнг олий таълим муассасаларининг кўргазмалари ташкил этилди. Кўргазмада акс этган қизиқарли жараёнлар иштирокчилар эътиборидан четда қолмади.  Шунингдек олий таълим муассасалари ходимлари томонидан “Мастер класс” ҳам ўтказилди. Учрашувда кун тартибидан ўрин олган олий таълим муассасалари рахбарлари билан давра суҳбати эса мактаб ўқувчиларида катта таассурот уйғотди. Ўқувчилар бу йилги олий таълимга қабул қилиниш билан боғлиқ янгиликлар билан танишди. Шунингдек, ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олдилар.

Таъкидлаш керакки, йилдан йилга олий таълим муассасаларига квоталар сони оширилмоқда. Мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш кўламини ошириш бўйича қизғин ишлар давом эттирилмоқдаки, бунда “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастуридан ўрин олган муҳим вазифаларнинг амалий ҳаётда акс этаётганини кўриш мумкин.

Мазкур учрашув катта ҳаёт остонасига қадам қўяётган ёшларнинг ўз олдига аниқ вазифани белгилаб олишларига йўл очади.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+