Ён қўшнинг – жон қўшнинг

14.06.2021 17:06:39

Халқимизда ана шундай нақл бор. Албатта, у бежиз айтилмаган. Асрлар бўйи кузатишлар ва тафаккур ана шундай хулосага олиб келган. Бу, нафақат инсонлар ўртасидаги муносабатларга, балки давлатлараро алоқаларга ҳам тааллуқлиги ҳеч кимга сир эмас.

Шунинг учун бўлса керак, Президентимиз Ш.Мирзиёев ўз фаолиятининг дастлабки давридаёқ Марказий Осиёдаги қўшни ва қардош мамлакатлар, хусусан, Қирғиз Республикаси билан алоқаларни мустаҳкамлашни ташқи сиёсатнинг долзарб вазифаларидан бири сифатида белгилаган эди. Кейинги давр мобайнида бу соҳада кенг кўламли ишлар амалга оширилди.  Қирғизистон раҳбари Садир Жапаровнинг шу  йил март ойида мамлакатимизга ташрифи давомида ўзаро ҳамкорликни янги, янада юқори босқичга кўтариш масалалари кўриб чиқилди.

Айни вақтда  ўзаро савдо-иқтисодий, маданий ва бошқа жабҳалардаги икки томонлама фойдали ҳамкорлик ҳудудлар даражасида ҳам ривожланиб бормоқда. Бунга Наманган ва Жалолобод вилоятлари ўртасидаги алоқалар мисол бўла олади.

Маълумотларга қараганда, мамлакатларимиз ўртасидаги товар айланмасининг каттагина қисми Жалолобод ва Наманган  вилоятлари ҳиссасига  тўғри келади. Аммо ҳали бу соҳада фойдаланилмаган имкониятлар оз эмас.  Бу ҳақдаги фикр ўзаро алоқаларни тараққий эттиришга хизмат қиладиган масалалар ўз ифодасини топган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш чоғида ҳам билдирилди. Қатор ижтимоий-иқтисодий соҳага оид истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш юзасидан таклифлар ўртага  ташланди. Жумладан, Қирғизистон ҳудудида кўмир қазиб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш,   ҳудудларда сайёҳлик индустриясини ривожлантириш масалалари кўтарилганди.

9-10 июнда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигидаги делегация қўшни Қирғизистон Республикасига ташриф буюрди. Унинг таркибида эллик киши бор эди. Меҳмонларни  Жалолобод вилояти губернатори ўринбосари Мамасоли Акматов бошчилигидаги фаоллар чегарада тантанали кутиб олдилар. Ўзбекистонликларни Жалолобод вилояти губернатори Абсаттар Сиргабаев қабул қилди. Самимий ва дўстона вазиятда ўтган музокараларда ўзаро савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Наманган делегацияси аъзолари Жалолобод вилоятида яшаб,  мамлакат тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган ўзбек диаспораси вакиллари ҳамда вилоят фаоллари билан учрашдилар. Меҳмонлар Жалолобод губернатори ҳамроҳлигида бир қатор ишлаб чиқариш корхоналарига ташриф буюрдилар. Жумладан, улар «Двойняшки» қандолат  маҳсулотлари фабрикаси иш фаолияти билан танишдилар. Юздан ортиқ аёллар бандлигини таъминлаган ушбу корхона маҳсулотларига талаб жуда юқори. «Kelechek» савдо белгиси остида  ичимлик сувлари ишлаб чиқариш корхонасига ташриф ҳам барчада яхши таассурот қолдирди.

Жалолободнинг Спутник шаҳарчасида жойлашган Ўрта Осиё тошни қайта ишлаш заводи қурилиш индустриясининг йирик объектларидан бири ҳисобланади. Бу ерда  ишлаб чиқариладиган бинокорлик маҳсулотлари мамлакатнинг бошқа вилоятларига ҳам жўнатилади. Хом ашё Ўзган туманидаги йирик тош конидан келтирилади.

«Мira»  савдо белгиси билан турли хил қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан консерва, шарбат, ичимлик сувлари ишлаб чиқарадиган  корхона фаолияти билан танишув чоғида икки вилоят ўртасида  қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари юқори баҳоланди.

Наманган вилояти делегациясининг Жалолободга ташрифи икки кун давом этди. Пировардида ҳамкорликда бизнес-форум ўтказилиб, кўплаб ўзаро фойдали шартномалар имзоланди. Уларни амалга ошириш ҳар икки давлат иқтисодиётини юксалтириш ва халқларимиз турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

 

Исроилжон ЖЎРАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+