Ёртепадаги мулоқотлар самарали кечди

29.09.2021 16:09:53

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов кампанияси тобора қизиб бормоқда. Наманган вилоятида ҳам “Адолат” СДП фаоллари тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтирмоқдалар. Партиямиздан Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг ишончли вакили Исроилжон Жўраев жойларда сайловчилар билан учрашувларни давом эттирмоқда.

Сафдошларимизнинг аҳоли вакиллари билан навбатдаги мулоқоти Тўрақўрғон туманидаги “Ёртепа” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди. 42-мактаб биносида ўтказилган учрашувда педагоглар, фермер ва тадбиркорлар, МФЙ фаоллари иштирок этдилар. Улар орасида ёшлар ва фахрийлар, аёллар ҳам бор эди.

Вилоят партия Кенгаши раисининг ўринбосари Баҳодир Болтабоев мамлакатда авж олган сиёсий кампаниянинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида гапирди. Сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари сайловчилар билан мулоқотларда жамиятни тарақий эттиришнинг бир қатор янги йўналишларини олға сурмоқдалар. Бу, “Адолат” СДП номзоди Баҳром Абдуҳалимовнинг дастурида ҳам ўз аксини топган.

Учрашув қатнашчилари дастлаб Баҳром Абдуҳалимовнинг таржимаи ҳоли билан танишдилар. Сўнгра ишончли вакил номзоднинг сайловолди дастури ҳақида батафсил сўзлаб берди. Бу жараёнда суҳбат интерфаол шаклга ўтди. Сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга дарҳол жавоблар олдилар.   Дастурнинг китобча шаклида чоп этилган нусхалари ҳам тарқатилдики, ундан ҳар бир киши фойдаланиши мумкин бўлди.

– Президент сайлови – мамлакат ҳаётидаги улкан аҳамиятга эга бўлган воқеа эканлигини ҳар бир киши яхши тушуниб етмоқда, - дейди “Адолат” СДП Тўрақўрғон туман кенгаши раиси Заҳрохон Аҳмедова. – Бунга шахсан ўзим маҳаллаларда бўлиб, одамлар билан суҳбатлашганимда ишонч ҳосил қилмоқдаман. Сайловчиларнинг сиёсий онги ҳам ошиб бораётгани диққатга сазовордир. Энди улар қандайдир турмуш икир-чикирлари ҳақида эмас, балки давлат аҳамиятига эга йирик масалалар тўғрисида фикр юритмоқдалар.

Бу сўзларнинг исботи сифатида меҳнат фахрийси Ғанижон Аҳадовнинг мулоҳазаларини келтириш мумкин. У аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича янада кўпроқ ва изчил иш олиб борилиши зарурлигини таъкидлади. Демак, маънавий-маърифий тадбирлар кўламини кенгайтириш талаб этилади. Мазкур жараёнга аҳолининг барча табақаларини жалб этиш фойдадан холи бўлмайди. Бугда ҳам давлат, ҳам нодавлат ташкилотлари жонбозлик кўрсатишлари даркор.

Қисқаси, Ёртепадаги мулоқотлар барчада катта таассурот қолдирди. Бу эса учрашув бесамар ўтмаганини билдиради.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+