Ёруғ истиқболларни кўзлаган ташриф

20.06.2021 11:06:08

Андижон мамлакатимиздаги салоҳияти юқори бўлган вилоятлардан. Бугун давлатимиз томонидан қаратилаётган юксак эътибор туфайли мазкур вилоят янада кўрк очиб, янги-янги қирралари кашф бўлмоқда.

Яқинда Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи асносида таъкидланган ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўлдик. Шу билан биргаликда, ҳали қилинажак ишлар талай эканлиги, олдинда турган мақсадли вазифаларни амалга ошириш учун бирдамликда ҳаракат қилиш зарур эканлигининг шоҳиди бўлдик.

Ташриф чоғида диққат-эътиборимни тортган энг муҳим жиҳатлардан бири Янги Андижон шаҳри қурилишига тамал тоши қўйилгани бўлди. Президентимиз таъкидлаганларидек, бу қурилиш халқимиз бунёдкорлигини ўзида намоён этадиган тарихий воқеа бўлади. Янги Андижонда яшайдиган одамлар бахтли, турмуши фаровон бўлишига ишонамиз.

Шунингдек, Андижондаги фермер хўжаликларини кўздан кечириш чоғида хосилдорликни ошириш бўйича кўрсатмалар берилиши, замонавий технологиялардан унумли фойдаланишни ташкил этиш каби жиҳатларга диққат-эътиборни кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Дарҳақиқат, географик нуқтаи назардан, қолаверса, мамлакатимиз аҳолиси даромадларининг асосий манбаи қишлоқ хўжалиги соҳасида жамланганини эътиборга оладиган бўлсак, ушбу вазифалар нақадар ҳаётий зарурият эканлигини англаймиз. Агар аграр тизим тўғри йўлга қўйилса, мамлакатимизни дунёнинг илғор мамлакатлари сафига олиб чиқиши, шубҳасиз. Шунинг учун ислоҳотлар давомийлигини узмаслик зарур.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев маҳаллаларда бўлиб, одамлар кайфияти, уларнинг турмуш шароитлари билан яқиндан танишмоқдаки, бундай оқилона сиёсатнинг ёрқин жиҳатлари акс этганлигини кўришимиз мумкин. Жумладан, давлатимиз раҳбари Избоскан туманининг «Урганжи» махалласидаги одамлар билан яқин мулоқотда бўлиб уларнинг муаммоларини тинглади. Масала ва таклифларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Оила маҳалланинг кичик негизи ҳисобланади. Демак, оилалар тинч, фаровон бўлса, маҳаллалар обод бўлади. Маҳаллани ривожлантириш, уни замон талабларига мослаш эса айни галдаги долзарб вазифадир. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги олдида ушбу вазифалар муҳим жараёнга айланиши зарур.

Қайд этиш керакки, давлатимиз раҳбарининг Андижон вилоятига ташрифи келгусидаги кўплаб янги истиқболли режаларни белгилаб берди.

 

Бахром ВАЛИЕВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+