Ёш адолатчимиз Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди

14.03.2022 16:03:28

8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Давлатимиз томонидан бир гуруҳ хотин-қизларнинг меҳнатлари эътироф этилиб мукофотлангани мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўрни юксалиб бораётганида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланганлар сафида хоразмлик ёш адолатчимиз, Урганч давлат Университети талабаси Уллижон Давлетованинг борлиги қувонарли бўлди.

Уллижон Давлетова Хоразм воҳасининг Янгибозор туманида туғилиб, намунали оила аъзоларининг тарбияси, устозларининг таълим-тарбияси билан камолга етди.

Унинг болаликдан спортга бўлган қизиқиши, яқинларининг, устозларининг қўллаб-қувватлаши билан юксалиб борди. Натижада, у спортнинг белбоғли кураш тури бўйича 2 карра Ўзбекистон, 4 карра жаҳон чемпиони бўлди.

Уллижон Давлетованинг спортга бўлган кучли ихлоси уни доим тенгдошлари орасида ажралиб туришига сабаб бўлган, – дейди Белбоғли кураш бўйича, олий тоифадаги ҳакам, партия фаоли Бекберган Болтаев. – У туман, вилоят, республика, жаҳон мусобақаларида фаол иштирок қилиб, совринли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Шогирдларингни ютуғини кўришдек бахтни ҳеч нарса билан таққослаб бўлмас экан. Меҳнатларимиз бесамар кетмаганидан хурсандмиз.

Бир сўз билан айтганда, ёшларга қаратилаётган эътибор ва имкониятлар мамлакатимиз ривожи учун хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Партиядошларимизни мукофот ва ютуқлари билан жамоамиз номидан қутлаймиз ва юксак парвозлар тилаймиз.

Замира АБДУЛЛАЕВА,

«Адолат» СДП Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+