Ёшлар билан ишлаш устувор вазифа бўлиб қолаверади

07.02.2024 12:02:51

   Давлатимиз бугунги кунда ёшларимизнинг келажаги учун масъулликни ўз зиммасига олиб, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини қуришда ёшларнинг эртанги кун учун ворислик масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда.
   Мамлакатимизда ёшларга кенг шароит яратиб бериш борасида амалга оширилаётган ва ҳозирги кунимизга қадар давом этаётган ислоҳотлардан мақсад — билдирилаётган ушбу ишонч ва эътиборга муносиб бўлган ёш авлодни шакллантиришдан иборатдир. Шу боисдан бугунги кунда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг ўз имкониятларидан кенг фойдаланишларини рўёбга чиқариш, ҳудудлардаги уюшмаган ёшлар билан мунтазам шуғулланиш масалалари барчамизнинг диққат эътиборимизда бўлмоғи зарур.
   2024 йилга “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном берилишини ҳам айнан ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишнинг изчил давоми сифатида англамоғимиз лозим. Зеро, ёшлар — давлат ва жамиятнинг ҳал қилув чи кучи ҳисобланади. Бугунги кунда кенг тармоқли ривожланмаган бизнессиз эса замонавий иқтисодиётни тасаввур этиб бўлмайди. Якунига етган 2023 йил юртимиз ҳаётида сиёсий воқеаларга бой тафсилотлари билан тарих зарварақларида муҳрланиб қолди. Мамлакатимизнинг барча гўшалари улкан қурилиш-бунёдкорлик майдонига айланди. Рақамлаштирилган замонавий саноат корхоналари, транспорт, логистика ва инфратузилма объектлари, ижтимоий соҳа, жумладан, мактабгача таълим муассасалари ва мактаблар, маданият ва спорт объектлари қад ростлади. Аҳолининг иш билан бандлиги масаласи устувор даражага кўтарилиб, янгидан-янги иш ўринлари яратилиб, халқимизнинг яшаш шароитлари ўзгарди. Айниқса, юртимизда ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, интилиш ва ташаббусларини рўёбга чиқариш, шу билан биргаликда уларнинг бандлиги ва ўз тадбиркорликларини йўлга қўйишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Ўз бизнесини бошлаш истагида юрган қанчадан-қанча ёшларга амалий ёрдам, кенг имкониятлар яратиб берилди. Бундан ташқари ёшлар билан ишлаш бўйича эса мутлақо янги бошқарув тизими яратилиб, республикамиздаги барча маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди. Ушбу тизим орқали маҳаллада ёшларга кўплаб имкониятлар яратилишига эришилди. Бу эса ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарга ўргатиш, уларда бизнес ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ташаббусларини рўёбга чиқаришга устувор аҳамият қаратилади, йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрнини топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилади, деганидир. Ҳар қандай жамият ривожида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу боис, ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, азму шижоатли, ташаббускор ёшлар мамлакат таянчига айланади. Халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутган янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатлари аниқ моддалар билан муҳрлаб қўйилгани, ҳеч шубҳасиз, бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, амалий ишларимизни янги босқичга кўтариш имконини бермоқда. Жумладан, асосий қомусимизнинг алоҳида бир боби оила, болалар ва ёшлар масаласига бағишлангани юртимизда ёшлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга қанчалик эътибор қаратилаётганининг яққол исботидир. Бош қомусимизда давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаши, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини қўллаб-қувватлаши ҳамда бизнесни ривожлантириш бўйича алоҳида нормалар белгилаб қўйилган. Ёшлар масаласидаги олдимизга қўйилган вазифаларни ўз вақтида, сифатли бажариш орқали биз ислоҳотлар самарадорлиги натижасини ҳар бир ёшнинг ҳаётида кўрсатишимиз мумкин бўлади. Бу билан ёшларнинг давлатимиз томонидан қилинаётган ғамхўрликларни ҳис қилишига ва фаол ҳаётга кириб боришига эришамиз.

Муяссар УММАТОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Шароф Рашидов туман Кенгаши раиси.
Жиззах вилояти.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+